Ғаллаорол туманида чорвачилик тармоғини ривожлантириш, наслдор қорамоллар сонини кўпайтириш ҳамда аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда соҳага замонавий ёндашувларнинг жорий этилиши, хориждан юқори маҳсулдор зотларнинг олиб келиниши ҳамда давлат томонидан яратилаётган имкониятлар туман чорвачилигини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бугунги кунда тумандаги қатор фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан чет давлатлардан наслли қорамоллар олиб келиниб, замонавий талаблар асосида парвариш қилинмоқда. Бу эса нафақат маҳсулот ҳажмининг ошишига, балки наслчилик сифатининг яхшиланишига ҳам хизмат қилмоқда.
Жумладан, туманнинг “Роҳат” фермер хўжалиги томонидан сут-гўшт йўналишидаги швед зотли 120 бош қорамол олиб келинди. Мазкур зот юқори маҳсулдорлиги, турли иқлим шароитларига мослашувчанлиги ҳамда сут ва гўшт маҳсулоти бериши билан ажралиб туради.
Шунингдек, “Anor Silver chorva” масъулияти чекланган жамияти томонидан Россия Федерациясидан 120 бош швед зотли наслли қорамоллар олиб келинди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу наслдор қорамоллар келгусида тумандаги наслчилик ишларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
“Маданият”, “Сарбозор” ва “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли ҳам чорвачиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар кредит маблағлари ва шахсий сармоялари ҳисобидан наслли қорамоллар харид қилиб, самарали фаолият юритмоқда.
Ана шундай меҳнаткашлардан бири Ғофур Ғулом маҳалласида яшовчи Ўрол Абдураҳимовдир. У икки йилдан буён қорамолчилик билан шуғулланиб келмоқда. Фаолиятини атиги битта наслли қорамол билан бошлаган тадбиркорнинг бугунги кунда саккиз бош қорамоли мавжуд.
— Дастлаб тажриба орттириш мақсадида битта наслли қорамол олган эдик. Ҳозирда хўжалигимизда қизил эстон ва симментал зотли сигирлар боқилмоқда. Асосий йўналишимиз сут етиштириш бўлиб, маҳсулотларни қайта ишлаб, аҳолимиз дастурхонига етказишга ҳаракат қиламиз. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, наслчиликни янада ривожлантириш ниятидамиз. Келажакдаги мақсадимиз наслли қорамоллар сонини 20 бошга етказиш, — дейди Ўрол Абдураҳимов.
Бугун амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, бозорлар ва савдо шохобчаларида сифатли гўшт ҳамда сут маҳсулотлари кўпаймоқда. Энг муҳими, бу жараён янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадларининг ошиши ва озиқ-овқат хавфсизлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Ғаллаорол туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ташаббуслар нафақат чорвачилик тармоғининг ривожланишига, балки қишлоқ хўжалигида замонавий ва самарали бошқарув тизимини шакллантиришга ҳам мустаҳкам замин яратмоқда. Наслдор қорамоллар сонининг ортиб бораётгани эса келгусида туманнинг чорвачилик салоҳиятини янада юксалтириб, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Худойберди ЗИЁТОВ.