Ис гази

Бугун табиий ва суюлтирилган газсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Одамзод ва техника учун табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланиш жуда катта қулайликларни яратади. Табиатнинг ушбу бебаҳо бойлигидан доимо фойдалансак-да, баъзан унинг қадрига етавермаймиз.

Таассуфки, аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбурунлардан фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда эса табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши фуқароларининг ис газидан заҳарланишига, айрим ҳолатларда эса ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш керакки, ўтган йилларда республикамизда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси натижасидаги чақнашлар билан боғлиқ бир қанча бахтсиз ҳодисалар юз берди. Содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти фуқаролар томонидан газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари, қўлбола, ностандарт ясалган иситиш мосламалардан фойдаланганлик оқибатида юзага келган. Шу ўринда савол туғилади, хўш, ис гази нима ўзи? Унинг инсон организмига таъсири қандай? Ис гази бу – ер юзида энергияни жадал ишлатилишидан юзага келадиган, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан бири. Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаидир. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабабли юзага келади. Ёқилғиларнинг тўлиқ ёниши учун ёниш жараёнида ҳаво (кислород) етарли миқдорда бўлиши керак. Ҳавонинг етишмаслиги оқибатида ёнилғи чала ёниб, ис газининг ажралиб чиқишига сабаб бўлади.
Мисол қилиб айтадиган бўлсак, аҳоли хонадонларидаги асосий ёқилғи тури ҳисобланган табиий газнинг бир метр куби ҳажмини тўлиқ ёқиш учун ўн метр куб ҳаво керак бўлади. Газ асбоби сурункали ишлатилганда, газ асбоби ўрнатилган хонанинг эшик ва деразаларининг зич ёпилишида, хона дарчаси доимий очиб қўйилмаганида табиий газнинг ёниши учун керак бўладиган ҳаво миқдори камайиб кетади. Натижада газнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб ис гази ажралиб чиқади. Ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди. Ис гази одам организмига бурун бўшлиғи орқали ўтиб, ўпкага келади. Ўпкадан қонга қўшилиб, қонда гемоглобин билан қўшилади. Натижада кислород етарли даражада инсон организмига етиб келмайди. Кислороднинг кам келиши натижасида организмда “кислород очлиги” юзага келади. Ис газидан енгил ва ўрта заҳарланганда бош оғрийди, кўнгил айнийди, қувватсизлик – қўл ва оёқлар бўшашиб қолади. Оғир заҳарланганда эса қулоқ битиб қолгандай бўлади, фикрлаш қийинлашади, эс-ҳушнинг йўқолиши, баъзи вақтларда кучли ҳаяжонланиш, турли тартибсиз ҳаракатлар қилиниши мумкин ва ниҳоят ҳушдан кетиш хусусиятлари кузатилади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб гипоксияга, оғир ҳолатларда эса ўлимга олиб келиши мумкин.
Шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирги кунда бозорларда, савдо дўконларда сотилаётган газда ишлайдиган ҳар хил турдаги газ ускуналари, жумладан, сохта сертификатли газ горелкалари, “камин” иситиш газ ускунаси ёки бошқа иситишга мўлжалланган инфрақизил газ горелкалари чиройли, ихчам кўринишли, иситиш мавсумида ишлатиб, кейин уни бошқа жойга олиб қўйса бўладиган қулайликларга эга. Лекин ушбу газ ускуналари чет эл давлатларида ишлаб чиқилганлиги сабаб уларни ўрнатиш ва фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжатлар ўзбек ёки рус тилига таржима қилинмаган. Бу эса улардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари билан танишиш имкониятини йўқотади. Ушбу қоидаларнинг таржима қилинмаганлиги, ўзбошимчалик билан мутахассис кўрсатмасисиз қурилиш меъёрлари ва қоидаларининг талабларини бузган ҳолатда ўрнатилиши ҳам ис газининг ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, газдан фойдаланиш қоидаларига тўлиқ амал қилсаккина, газ ёнилғиси хонадонларимизга фалокат эмас, балки фақат фаровонлик олиб келади.

Акром ҲАКИМОВ,
“Ҳудудгаз Жиззах” ГТФ Саноат хавфсизлиги
етакчи муҳандиси
Ғанишер БАРАТОВ,
“Жиззахшаҳаргаз” ГТБ Меҳнат муҳофазаси
ва техникахавфсизлиги етакчи муҳандиси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *