ЯНГИЧA ЁНДАШУВ, МАСЪУЛИЯТ, НАТИЖА, ТАЛАБ

Вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида Дўстлик туманида ўтказилган йиғилишда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик, дон ўриш комбайнларини GPS технологиялари ва кузатув камералари орқали масофадан назорат қилиш ҳамда мониторинг қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят қишлоқ хўжалигида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар муайян натижалар бераётгани айтиб ўтилди.

Бироқ, ҳар қандай натижа нафақат эришилган ютуқлар, балки мавжуд муаммоларни очиқ тан олиш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар билан ҳам баҳоланади.

Сўнгги икки йил давомида пахтачилик ва ғаллачилик соҳаларида тизимли ўзгаришлар амалга оширилди. Янги техникалар харид қилинди, агротехнологиялар янгиланди, сув таъминоти яхшиланди, юқори ҳосилли навлар жорий этилди.

Натижада ғалла ҳосилдорлиги ўтган йили бир қатор ҳудудларда 90 центнергача етди. Aйрим фермерлар эса ҳар гектардан 100 центнердан ортиқ ҳосил олишга муваффақ бўлди.

Аммо, бу рақамлар ортида муҳим савол ҳам турибди: мазкур натижаларни сақлаб қолиш ва янада ошириш учун мавжуд имкониятлардан қай даражада самарали фойдаланилмоқда?

Йиғилишда келтирилган таҳлиллар энг долзарб муаммолардан бири ўрим ишларининг кечикиши эканини яна бир бор кўрсатди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ғалла ўрими 15 кунга кечиккан тақдирда камида 84 минг тонна ҳосил ёки қарийб 269 миллиард сўмлик маҳсулот йўқотилиши мумкин.

Бу эса нафақат фермерлар даромадига, балки давлат бюджети тушумларига, такрорий экинлар тақдирига ва келгуси мавсум ҳосилдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Aввалги йилларда айрим ҳудудларда такрорий экинларни кеч экиш ёки умуман экилмай қолдириш ҳолатлари кузатилган. Натижада юз минглаб тонна маҳсулот йўқотилган. Бундай ҳолатларга энди мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Йиғилишда энг танқидий масалалардан бири сифатида “яширин иқтисодиёт” ҳолатлари ҳам тилга олинди. Келтирилган маълумотларга кўра, айрим ҳолларда ёқилғи сарфи бўйича суиистеъмолчилик, ҳисоботларда акс эттирилмаган ғалла ҳажмлари, комбайнлар иш вақтидан самарасиз фойдаланиш ҳамда фермерлар ва операторлар ўртасидаги норасмий келишувлар кузатилган.

Aгар бундай ҳолатлар ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлса, улар нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки соҳадаги шаффофлик ва адолат тамойилларига ҳам жиддий путур етказади.

Энг хавфлиси, ҳисоботларда акс этмаган маҳсулот давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағларнинг камайишига, техника учун олинган кредит ва лизинг тўловларининг ўз вақтида қайтарилмаслигига сабаб бўлади.

 Бу йилдан бошлаб вилоят ҳокими ташаббуси билан дон ўриш комбайнларини GPS технологиялари ва кузатув камералари орқали назорат қилиш тизими жорий этилмоқда. Бу муҳим янгилик сифатида баҳоланмоқда.

Мазкур тизим ҳар бир комбайн ҳаракатини онлайн кузатиш, иш вақти ва самарадорлигини аниқ ҳисоблаш, ёқилғи сарфини назорат қилиш, ўрилган майдон ва ҳосил ҳажмини мониторинг қилиш, шунингдек, инсон омили туфайли юзага келадиган хатоларни қисқартириш имконини беради.

Бироқ, ҳар қандай рақамли тизимнинг самараси уни жорий этиш билан эмас, балки ундан қай даражада самарали фойдаланиш билан белгиланади. Aгар мониторинг натижалари асосида тезкор чоралар кўрилмаса, технологиянинг ўзи кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Йиғилишда келгуси йиллар учун катта режалар белгилаб олинди. Томчилатиб суғориш тизимини кенгайтириш, янги техникалар харид қилиш, шудгорсиз экиш технологияларини жорий этиш, фермер хўжаликларида қўшимча чорвачилик йўналишларини ташкил этиш шулар жумласидандир.

 Мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиб, ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ташкил этиш, рақамли назорат тизимларидан самарали фойдаланиш ва соҳада шаффофликни таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *