ҚАЛБ – АМИР, НАФС – АСИР БЎЛГАН ОЙ

Рамазон ойининг рўзасини тутиш фарз, таровеҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш фазилат эканлиги мусулмон аҳлига маълум ва муборак амаллардан ҳисобланади. Мазкур ойда кишилар орасида ўзаро бирдамлик ҳаракатлари кўпайиб, бир-бирлари учун қайғуриб, меҳрибонлик кўрсатадилар. Яқинларининг хато-камчиликларини кечирадилар, кексаларни зиёрат қилиб, беморлар ҳолидан хабар оладилар, муҳтожларга ёрдам кўрсатадилар, етимларни юпатадилар. Ҳам жисман, ҳам қалбан покланиш ниятида кимдир ғойибдан, кимдир ошкора тарзда ҳайрли тадбирларда фаоллик кўрсатади.

Шундай шафоатли кунлар ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили Меҳмонхон Жабборов томонидан қуйидаги фикрлар билдирилди:  

– Ўлкамизга ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, Рамазон ташриф буюрди. Орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун яратганга беадад ҳамду сано ва шукроналар айтамиз. Бутун дунё мусулмонлари бу табаррук кунларда ўзларини ибодатларга, тақво, барака, раҳмат, саҳоват ва мағфират амалларига бағишлайдилар. Ўзаро хусумат ва гиналар унутилади, қўни-қўшнилар, қавму қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатилади. Инсонлар бировнинг дилига озор етказиш, ўзганинг ҳаққига тажовуз қилиш каби ножоиз ҳаракатлардан тийиладилар.

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сураси 183-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар”

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Жумладан, воҳамиздаги 117 та масжидда хатми қуръонлар ўтказилмоқда. Уларда 189 та Қуръони карим ҳофизлари Аллоҳнинг каломини бошидан охиригача хатм қилмоқдалар. Мўмин-мусулмонлар бу кунларнинг қадрига етиб, ибодатларини эмин-эркин, шукроналикда, гўзал ҳаловат билан адо этмоқдалар.

Ушбу ойда ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу одатга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Зайд ибн Холид ал-Жуҳоний розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди”.

Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг назоратида турганини ҳис қилади ва бу ҳис унинг қалбини мусаффо этади. Емаслик, ичмаслик, тоат-ибодатда мустаҳкамлик фаришталарга хос сифат бўлганидек, рўзадорлардан фаришталардек поклик зиёси таралади. Ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийишни ихтиёр этган кимсанинг сабр-бардоши зиёда бўлади. Лаззатли неъматлардан вақтинча маҳрум бўлганида, муҳтожликдан оч қолган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқати ортади.

Қолаверса, ҳозирги кунда аҳолиси мусулмон бўлмаган давлатларда тиббиёт мутахассислари томонидан беморларни очлик йўли билан даволаш усуллари йўлга қўйилганлиги кўпчиликка маълум. Демак, рўза тутиш киши саломатлигини тиклаш, баъзи касалликларни даволаш учун ҳам фойдали эканлиги илмий исботини топмоқда. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар бундан бир неча асрлар аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар” (Имом Табароний ривояти) ҳадисида келтирилганлигини кўриш мумкин.

***

Рамазон ойида аёлларнинг ўзига хос савоб амаллари ҳақида вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Фароғат Сатторова томонидан қуйидаги фикрлар билдирилди:

– Ҳадиси шарифларда дуо ибодатнинг мағизи дея таърифланган. Келажак авлод вакилларининг меҳрибон оналари, уларни тарбияловчилари сифатида ибодат ичида яна бир ибодат таълимоти яъни, дуо ҳақида аёлларнинг бисёр билишликлари фарздир. Айниқса, қутлуғ рамазон ойида ота-онаси, ака-укаси, фарзанди ёки турмуш ўртоғига саҳарлик, ифторлик тайёрлаш насиб этадиган муслималар ният ва дуоларига эътиборли бўлишликлари жоиз. Ушбу шарафли ойда жисман рўзадор бўлиш билан бирга қалбан ва руҳан юксалишга эришиш афзаллигини англовчи ҳар бир она фарзандларини ижобатли дуолар илмидан хабардор этгувчи бўлади. Бу илмдан хабардорлик киши ўзидаги қусурларни кечирилишини, мағфират қилинишини, ҳидоятда, тўғри йўлда собитқадам бўлишлигини сўрашлиги ва эзгулик билан эриша олишлигида муҳим аҳамиятга эга. Фарз ибодатларда ният ва дуолар шарт қилгани ҳам бежизга эмас. Ният бу қалбнинг Аллоҳ томон юзланишидир. Унинг аввали тасаввур, сўнг хоҳиш, ирода, ақл, зеҳн, ҳиммат, азму қарор ила дуоларда айтилишидир.

Таъкидлаш жоизки, қалб – амир, нафс – асир бўлган ушбу ойда аёлларнинг саломатликларига салбий таъсир этиши мумкин бўлган баъзи узрли ҳолатларда хотин-қизларга рўза тутмаслик жоиз этилган. Бироқ бу жоизлик фақатгина оч қолмаслигига ишора этиш маъносидадир. Демоқчимизки, киши таомланиб туриб ҳам рўзадорлик ҳислатларида, атрофдагиларга ҳурмат-иззатда, холис хизматда, қалбан ибодатда бўлишлиги лозим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди”.      

Шунингдек, рўзадор эҳтиёж туғилганида, ютиб юбормаган ҳолатда, таом тузини татиб кўриши мумкин. Оғзига олган таомни туфлаб ташласа, рўзаси бузилмайди, гарчи унинг таъми думоғида қолса ҳам.

Дарҳақиқат, айни кунларда воҳамизнинг турли манзилларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда аҳоли орасида диний муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Рамазон ойининг хайрия тадбирларига ҳам тараддуд бошлаб юборилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хотин-қизлар ва ёшларнинг илмли, ҳунарли бўлишлари учун бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилганлиги “Оқила аёллар” ҳаракати томонидан самарали тарғиб этилмоқда.    

Гулчеҳра ХИДИРОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *