Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши тизимли кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлмас экан, жамиятда тинчлик, оилада барқарорлик ва авлодлар тарбиясида ишончли муҳитни таъминлаб бўлмайди. 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазкур йўналишдаги энг муҳим миллий ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. У хотин-қизларнинг шахсий дахлсизлигини, руҳий ва жисмоний соғлиғини, иқтисодий ҳамда ижтимоий эркинлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари зиммасига аниқ мажбуриятлар юклайди. Бу қонуннинг амалий қиймати шундаки, у зўравонликни фақат содир этилган пайтдан кейин эмас, балки унинг олдини олиш босқичида ҳам аниқ чора-тадбирларни назарда тутади.
Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган Хотин-қизларга нисбатан камситишларни бартараф этиш тўғрисидаги Конвенция (CEDAW) ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳам давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятларини янада кучайтириб беради. Ушбу халқаро ҳужжатларда давлатлардан хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунларни мунтазам такомиллаштириш, қўллаб-қувватлов тизимини кенгайтириш ва профилактик чоралар самарадорлигини ошириш талаб қилинади. Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу йўналишдаги халқаро стандартларга мувофиқ бўлиб бормоқда.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик кўп ҳолларда ташқи белгилар билан эмас, аввало руҳий босим, таҳдид, иқтисодий чеклаш, ижтимоий яккалаб қўйиш шаклларида намоён бўлади. Қонун таърифлаган “тазйиқ” тушунчасининг кенгайтирилган талқини шунинг учун муҳим: зўравонлик фақат аҳолининг кўз олдида содир бўладиган тан жароҳати ёки дабдабали можаро эмас, балки хотин-қизнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини издан чиқарадиган ҳар қандай босим ҳам ҳисобланади. Профилактиканинг энг муҳим нуқтаси — жиноят юз бермасидан аввал хавфни аниқлаш ва тезкор психологик ёрдам кўрсатиш.
Ҳозирги кунда республика бўйлаб фаолият юритаётган маҳалла ва ҳудудий инспекторлар, хотин-қизлар фаоллари, профилактика нозирлари ва ижтимоий ходимлар ўзаро мувофиқлашган ҳолда иш олиб бораётгани сезиларли ижобий натижалар бермоқда. Аммо амалда учраётган муаммолар ҳам йўқ эмас: айрим ҳолларда зўравонлик фактлари яширилади, жабрланувчи эса ижтимоий босим, оилавий шарм-ҳаёни сақлаш ёки боғлиқлик ҳолати туфайли ёрдам сўрашдан қўрқади. Шунинг учун профилактика фақат ҳуқуқий эмас, балки маданий ва психологик ёндашувни ҳам талаб қилади.
Қўлланилаётган ҳимоя ордери институти амалда ўзини оқлаётган механизмлардан бири. У зўравонлик хавфи мавжуд бўлган вазиятда жабрланувчини тезкор тарзда муҳофазага олиш имконини яратади. Қонун ҳимоя ордери муддатини белгилаб қўйган, шу билан бирга ижтимоий хизматлар томонидан доимий мониторинг ва маслаҳат ёрдамини талаб этади. Лекин ордернинг самараси кўп жиҳатдан ижро интизоми ва маҳаллий даражадаги мутахассислар билан жабрланувчи ўртасида ишончли мулоқот мавжудлигига боғлиқ. Агар ишонч бўлмаса, ҳуқуқий воситаларнинг ўзи етарли самара бермайди.
Жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳам айни долзарб вазифадир. Қонунлар бор, механизмлар ишламоқда, лекин ҳар бир хотин-қизнинг ўз ҳуқуқи ва унга тегишли ҳимоя чораларини билиши янада муҳим. Баъзан энг оддий масала — масалан, қўрқинчли ҳодиса юз берганда кимга қачон мурожаат қилиш кераклиги — етарлича ёритилмаган бўлади.
Шу боис оммавий ахборот воситалари, расмий веб-порталлар ва таълим муассасаларида қонуний кафолатлар ҳақидаги маълумотлар чуқур ва аниқ тарзда етказилиши зарур.
Зўравонликдан жабрланган аёлнинг ҳаётида энг оғир босқич — ёрдам сўраш қарорини қабул қилишдир. Шу қарорга келган пайтда эса давлат органлари, тиббий муассасалар, психологик хизматлар ва маҳаллий муҳит ягона тизим сифатида ишлаши бениҳоя муҳим. Бир тизимда кечикиш бўлса, жабрланувчи яна хавф остида қолиши мумкин. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг бир қаторида айниқса психологик хизматлар ва вақтинчалик бошпаналар фаолиятини кучайтиришга қаратилган чоралар юқори самара бермоқда. Улар нафақат ҳимоя, балки ижтимоий реабилитация учун ҳам асосий восита бўлиб хизмат қилади.
Хотин-қизларни ҳимоя қилиш масаласининг яна бир муҳим томони — болалар манфаати. Зўравонлик муҳитида ўсган бола катта бўлганда ҳам ўша зўравонликни такрорлаш хавфи катта. Шунинг учун ҳар бир профилактик чора фақат хотин-қизни эмас, балки қисман унинг фарзандларини ҳам ҳимоя қилади. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция давлатдан боланинг руҳий ва жисмоний хавфсизлигини таъминлашни талаб қилади. Демак, оиладаги зўравонликни бартараф этиш — келажак авлодни барқарор руҳий муҳитда тарбиялаш вазифасининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифаси эмас. Бу бутун жамиятнинг маданий, ахлоқий ва маънавий масъулиятидир. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир меҳнат жамоаси, ҳар бир таълим муассасаси бу борада оддий, лекин таъсирчан тамойилга амал қилиши керак: зўравонликка нисбатан муросасизлик. Агар жамоатчилик бу масалани оддий ҳол каби қабул қилмаса, ҳар бир сигналга жиддий ёндошса, давлат органлари фаолиятининг самараси янада ошади.
2025 йилгача амалга оширилган ислоҳотлар шунга қаратилгандики, хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими нафақат норматив ҳужжатларда, балки кундалик ҳаётда ҳам ишлаши керак. Афсуски, баъзан қонун билан ҳаёт орасидаги масофа жуда катта бўлади. Шунинг учун жойларда амалий тажрибани кучайтириш, мутахассислар малакасини ошириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни кенгайтириш, профилактик тадбирларни рақамлаштириш орқали тезкор маълумот алмашишни таъминлаш келгусидаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Қуйидаги таклифлар амалдаги тизимни янада кучайтиришга хизмат қилиши мумкин:
-жабрланувчилар учун ягона рақамли мурожаат платформаси ва тезкор огоҳлантириш функцияларини янада ривожлантириш;
-маҳалла ва жамоатчилик билан ҳамкорликда профилактик маслаҳат марказларини кучайтириш;
-ҳимоя ордери ижроси устидан назоратни рақамли мониторинг орқали таъминлаш;
-медиа ва таълим муассасаларида хотин-қизлар ҳуқуқларига оид мунтазам ва аниқ ҳуқуқий ёритиш ишларини кучайтириш;
-жабрланувчилар учун психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш жараёнларини максимал даражада соддалаштириш.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш — бу фақат ҳуқуқий вазифа эмас, балки инсон қадри, жамият тинчлиги ва давлат барқарорлиги учун асосий шартдир. Қонунчилик асоси яратилган, халқаро мажбуриятлар аниқ, эндиликда энг муҳим масала — ижро интизоми, аҳоли онги ва ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Шу йўл билангина ҳар бир хотин-қизнинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати ҳақиқий ҳимояда бӯлади.
Алишер Пулатов,
фуқаролик ишлари бӯйича Зарбдор туманлараро суди судьяси