Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 516-F-сон фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 22–23 август кунлари мамлакатимизда умумхалқ хайрия хашари ўтказилади. Тадбир доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилади.
Вилоятимизда энг улуғ байрам олдидан умумхалқ ҳашарлари аллақачон бошланиб кетди. Жумладан, 16 август куни ҳам жойларда тозалик-ободонлаштириш ишлари ўтказилди. Жиззах шаҳрида бу тадбирлар 34 та маҳаллани қамраб олди. Унда 5200 нафар ҳамшаҳримиз ижтимоий фаоллик кўрсатдилар.
-Ҳашар давомида “Eco house” МЧЖга тегишли 18 та техника томонидан 230 тонна чикинди олиб чиқилди, – дейди Ўзбекистон Маҳаллар уюшмаси Жиззах шаҳар бўлими бош мутахассиси Шерали Мамараҳимов. – 15 та экскаватор, трактор ёрдамида кўчалар, бетон ариқлар тозаланди. Дарахтларнинг электр симларига халақит берувчи шохлари кесилди. 12 та қабристонда тозалаш ишлари олиб борилди. Уч нафар кам таъминланган фуқаро уйининг фасад қисми таъмирланди.
Жорий ҳафта дам олиш кунлари ўтказиладиган умумхалқ ҳашарида қамров бундан-да кенгроқ бўлади. Ҳар бир ташкилот ўз ҳудудида тартиб ва озодалик иш кунини жорий этади. Ҳар бир кўча, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш, тозалик тадбирлари амалга оширилади. Бунинг учун Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан 60 та махсус чиқинди ташиш техникаси жалб этилади.