Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 август куни қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 124-сонли фармони эълон қилинди. Фармонда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар ҳамда зарур ташкилий-ҳуқуқий имкониятлар яратилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари янада такомиллаштирилди.
Фармон билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Фармонга кўра, қуйидагилар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
– давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш;
– жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
– давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш;
– таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш;
– фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш;
– фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш каби масалаларни ўз ичига олган.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудларда бўлинмалари ташкил этилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзоларига бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдорини 15 миллион сўмдан БҲМнинг 100 бараваригача (34 млн сўмгача) оширилади.
2025 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдорини 2 бараварга камайтирилган ҳолда ундирилади.
Ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этади.
Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб борилади.
Ҳар икки йилда Фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти таъсис этилади.
“Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этилади.
2024 йил 1 октябрдан фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилди.
Мазкур Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади ҳамда ушбу жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.
Элдор ЖАББОРОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.