12 декабрь — Ҳамид Олимжон таваллуд толпган кун
Ҳамид Олимжон бахшилар заминида вояга етди. Шу сабабдан бўлса керак, унинг барча асарларида, қаҳрамонларининг руҳида халқ оғзаки ижодидек оҳангдорлик бор. Шоир фольклор намуналаридан илҳомланиб, жозибали образлар, ноёб мисралар кашф қилган. Адабий эртак достонлардаги сюжетларни ҳаётий воқеалар билан уйғунлаштириб, ўзбек шеъриятининг янги даврида ўзига хос йўналиш яратди.
Яқин тарих манбаларидан аниқланишича, Ҳ.Олимжоннинг халқчил шоир сифатида шаклланишида дастлаб оила аъзолари, ота-боболарининг мазмунли, қизғин суҳбатлари сабаб бўлган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод этган жиззахлик шоир Искандар Қамбар ўғли Мадюннинг хабар беришича, Ҳамидга учинчи бобо авлод саналган мулла Ёқуб, унинг тўрт ўғиллари – Мулла Юнус, Мулла Юсуф, Мулла Ҳизир, Мулла Азимлар ўз замонасининг ниҳоятда дилкаш, меҳмондўст кишилари бўлишган. Айниқса, бобоси Мулла Азим ва онаси Комила ая шеърият шайдоси, халқ оғзаки ижодининг ўта билимдони бўлган. Шу боисдан Ҳ.Олимжоннинг халқ бахшиларига, фольклорга меҳр-муҳаббати, ҳурмати баланд бўлган. Буни Фозил Йўлдошга бағишланган “Куйчининг хаёли”, Абдулла шоир Нурали ўғлига аталган “Дўмбиранинг мақтови” шеърларида, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Семурғ ёки Паризод ва Бунёд”, “Икки қизнинг ҳикояси” каби эртак-достонларида яққол кўрамиз.
Шоирнинг “Шодиёна”, “Йигитларни фронтга жўнатиш”, “Хат”, “Бўл омон”, “Қишлоқ қизи” каби шеърлари ҳам фольклор ишқи билан суғорилган ажойиб асарлар сифатида адабиётимиз саҳифаларидан муносиб жой олди. Шоир Фозил Йўлдош ўғли “Алпомиш” достонининг минг йиллик тўйига бағишланган халқаро илмий анжуманда қуйидагиларни сўзлаган: “Шоир Ҳ.Олимжон достонни нашрга тайёрлашда уни қарийб ярмига қисқартирган. Аммо бу қисқартириш шу даражада билим ва санъаткорлик билан амалга оширилганки, бу ҳолат достоннинг яхлитлигига путур етказмаган. Шоир достон матнига бирон бир сўз қўшмаган, достон тилини таҳрир қилмаган… Нашрга тайёрловчи олти минг мисрага яқин матнни қисқартирган бўлса-да, достонни ўқиш давомида бу нарса деярли сезилмайди. Шунинг учун ҳам бу нашр маданиятимиз тарихида катта воқеа бўлди…”.
Ҳ.Олимжоннинг фолклор руҳида яратилган лиро-эпик асарлари бугунги кунда ҳам эстетик-бадиий қимматини йўқотмаганлиги баробарида ўз даврида жуда муҳим адабий-тарихий вазифани адо этган. ХХ асрнинг 30-йиллари достончилигига бағишланган кўпгина тадқиқотларда, монография ва мақолаларда масалани бу томонига жуда кам аҳамият берилган. Ҳ.Олимжон китобхонлар дилидаги маънавий эҳтиёжини биринчилардан бўлиб теран англаб, ҳис қилиб ўз асарларини халқ ҳаёти билан боғлашга интилди. “Муқанна” драмасининг ғоявий-композицион негизида қуйидаги уч асосга: тарихий ҳақиқатга, бадиий тўқима ва халқнинг Муқанна ҳақида тўқиган ривоятларига бевосита таянилган. Муқанна бошчилигидаги халқ қўзғолонларининг араб истилочиларига қарши олиб борган кураши билан боғлиқ тарихий маълумотлар драма учун бебаҳо маълумот вазифасини ўтаган.
Ҳамид Олимжон азиз умрини, нодир истеъдодини, битмас-туганмас куч-ғайратини ўз халқига бахшида этган улкан қалб эгаси. Ўттиз беш йиллик қисқа, аммо ёрқин, сермазмун ҳаёти давомида бу бетакрор шоир яратган асарлар, жўшқин жамоатчилик фаолияти кўпчиликни ҳайратга солган. Қолаверса, у замондошлари ҳаётини ҳаққоний акс эттирган кўпгина маснавийлар, очерк, ҳикоялар яратди. “Муқанна”, “Жиноят” каби саҳна асарларини ёзди. ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига оид кўплаб тадқиқотлари ҳануз ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Ҳамид Олимжон ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидов шундай дейди: “Мен уни устоз дейман. Илк бор шеъриятнинг сеҳрли гулбоғига ғойибона етаклаган, ханда уриб оққан мисралари ёш қалбимга шалоладай қуйилган, бахт ва шодликни куйлаш санъатини ўргатган шоир мен учун шеърий жўшқинликнинг, шавқ ва эҳтиросининг тимсоли бўлиб қолди. Ҳали кўп авлодлар унинг сатрларидан замонанинг ўтли нафасини туйиб, халқнинг ҳур, бахтиёр овозини эшитади…”
Шоҳида СИДДИҚОВА,
ЖДПУ доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.