“Томирларида буюк боболарининг қони оқаётган ёшларимиз улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлиши, улар каби улкан мақсадлар сари интилиб яшаши ва юксак марраларга эришиши учун барча шарт-шароитларни яратишимиз зарур”.
Ш.М.Мирзиёев.
Тарихий тажриба шундан далолат берадики, ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва уларнинг келажагига бериладиган эътибор даражасига бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун катта мазмун-моҳият касб этади. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини давлатимиз раҳбари ва ҳукумат чуқур англаб етган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами жуда катта. Замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз халқи ва юртига фидойи, аждодларимиз меросларини давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни енгиб бўлмайди. Сабаби ўз мақсадларига етишда дадил ва доим янгилик сари интилувчи ёшлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Улар бизга янги шижоат ва ифтихор бағишлайди.
Жамиятни изчил ривожлантириш учун, айникса, бугунги кунда таълим қанчалик катта ахамият касб этаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Аввалги ренессанслар сабоқларини таҳлил қиладиган бўлсак, улар келиб чиқишининг биринчи сабаби фан, адабиёт, маданият, санъатга қаратилган катта эътибор эканини куришимиз мумкин. Ва бунинг замирида албатта, фанга, таълимга интилиш ётган. Шундан келиб чиқиб, бугунги энг катта вазифамиз ҳам таълим тизимини замонавий тамойиллар асосида ислоҳ қилишдан иборат.
Зеро, бугун катта умид, орзу-мақсадлар билан Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада Жиззах политехника институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси қошида “Ёш тарихчилар”, “Ёш файласуфлар”,“Истеъдодли ёшлар клуби” ташкил этилган. Унда институтда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларнинг фаолияти ўрганилиб, қўллаб-қувватланади, турли танловлар доирасида уларнинг сиёсий саводхонлиги ривожлантирилади. Айниқса, “Сиз қонунни биласизми?”, “Зукко китобхон” ва “Конституция билимдони” кўрик-танловининг ташкил этилганлиги унда иштирок этган мингдан ортиқ ёшларимизнинг ҳуқуқий таълим-тарбиясини ошириб, энг муҳими, сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлади.
Биргина сўнгги йилларда институтимизда Президент, Ислом Каримов, Беруний ва бошқа номдор стипендиантлар сафи тобора кўпайиб бораётганлиги фикримизнинг яққол мисолидир.
Тараққиёт стратегиясида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, энг долзарб муаммоларини самарали ҳал қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалаларига эътибор қаратилган. Ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқот ўтказиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлиги қайд этилган.
Тараққиёт стратегиясининг устувор вазифаси сифатида ёшларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларнинг тафаккурида мустақиллик, миллий ўзини-ўзи англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиш ва ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан чегаралаш сингари аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бу эса янги авлоднинг замон билан ҳамнафас яшашида, Ватанга бўлган меҳрини оширишда, ўзини англашига имкон беради. Дастурда белгиланган ҳар бир мақсад ва вазифада янги авлодни тарбиялаш ва уларга сифатли таълим бериш ғояси асосий ўрин олган.
Таълим соҳасида ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш борасидаги изчил ишлар давом эттирилмоқда. Айниқса, моддий-техник базанинг янгиланганлиги, замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланганлиги ёшларимиз учун имкониятларни кенгайтирди. Аммо бу борада олдимизда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Жамоамиз тизимда учраб турадиган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг амалий ечимини топишни мақсад қилиб қўйган экан, ўз “Йўл харитаси” да айни мана шу мақсад йўлида қилиниши керак бўлган аниқ вазифаларни белгилаб олган.
Шубҳасиз, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлод бизнинг энг катта бойлигимиз эканлигини инобатга олган ҳолда, замонавий билим ва тафаккурга, соғлом дунёқарашга эга, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан барча жабҳаларда беллашишга тайёр, кўзи ёниб турадиган навқирон авлодимиз катта ишонч билан ҳаётга дадил кириб келаётгани барчамизни қувонтиради. Шунинг учун ҳам ана шу қувончнинг бардавомлиги йўлида масъулиятни ҳис этган ҳолда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, Ўзбекистон келажаги — соғлом ва баркамол авлод қўлида.
Жалол АҲМЕДОВ,
Жиззах политехника
институти ўқитувчиси.