СУД ИСЛОҲОТИ—ИНСОН ҲУҚУҚИ ВА МАНФААТИ ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон— бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деб эътироф этилган. Ижтимоий давлатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги шаъни ва қадр қиммати олий қадрият ҳисобланади. Суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг тасдиғидир.

2023 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни шунингдек, 2023 йил 25 декабрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасидир.

Жиноят процессуал кодексига киритилган энг муҳим янгилик бу судда ишларни тафтиш тартибида кўриш босқичининг жорий қилинишидир. Шу боис кодекс 510-52121-моддаларни ўз ичига олган ва “Суднинг ҳукми, ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш” деб номланган янги 562-боб билан тўлдирилди.

Жиноят процессуал кодексининг 510-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида эса жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари тафтиш тартибида кўрилади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари ҳам Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар тоифасига киради.

Шунингдек, ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар шу суднинг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.

Фуқаролик процессуал кодекси 4194-41929-моддаларни ўз ичига олган ва “Суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича иш юритиш” деб номланган янги 46-боб билан тўлдирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) мазкур судлар номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) кассация инстанцияси суди томонидан ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш ва кўриб чиқиш муддатлари белгилаб берилган.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд (судья) томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 32423-32439-моддаларни ўз ичига олган ва “Тафтиш инстанцияси судида иш юритиш” деб номланган янги XXIV1 бобнинг 3-параграфи билан тўлдирилди.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Шикоят (протест) апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, тафтиш инстанцияси суди шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни текшириш учун суддан тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) бўйича талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни суддан талаб қилиб олишга ҳақли. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни талаб қилиб олиш учун ушбу Кодекснинг 32424-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятлари сабаб бўлади.

Тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) бир ойгача бўлган муддатда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш талаб қилиб олинган тақдирда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Иқтисодий процессуал кодекси 307-32412-моддаларни ўз ичига олган ва “Суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича иш юритиш” деб номланган янги 36-боб билан тўлдирилди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест):

ушбу Кодекс 307-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;

ушбу Кодекс 307-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суд ҳужжатлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан протест келтирилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўрилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт.

Ушбу Кодекс 307-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибдаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 307-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда киритилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва тафтиш тартибида шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.

Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланганлиги, ушбу қонунлар ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликка йўл қўймасликка хизмат қилади.

 

Акрам ШУКУРОВ,

Жиззах вилоят суди раиси.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *