ЎСМИРЛАРИМИЗДАН МАРДОНАВОР ҒАЛАБА

Қатарда давом этаётган U-17 Жаҳон чемпионати баҳслари айни дам қизғин паллага кирган. Плей-оффнинг дастлабки босқич  учрашувларида омади чопган жамоалар қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам бор экани қувонарли ҳолат.

Исломбек Исмоилов бошчилигидаги ўсмирларимиз мусобақанинг 1/16 финал ўйинини хорватиялик рақибларига қарши ўтказиб, қийинчилик билан ғалаба қозонишди.

Ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Вакилларимиз сафидаги ягона гол баҳснинг 24-дақиқасида Садриддин Ҳасанов ҳисобига ёзилди. Афсуски, футболчиларимиз учрашув сўнгига яқин бироз сусткашликка йўл қўйишди ва бунинг  оқибатида Европа жамоаси 80-дақиқада фарқни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Натижада, ғолиб жамоа номи пенальтилар сериясига кўра аниқланди. Унда терма жамоамиз 4:3 ҳисобида зафар қучиб, кейинги босқичга йўл олди.

Эндиликда Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 18 ноябрь куни Италия терма жамоасига қарши 1/8 финал доирасида майдонга тушади. Бўлажак рақибларимиз бундан аввалги босқичда Чехияни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

 

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *