Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, айниқса болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этган. Болалар ҳаётининг дастлабки йиллари худди ёш ниҳолда бўлгани сингари нозик парваришни талаб этади. Хусусан, уларнинг жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишувига айнан болалик давридан эътибор қаратиш лозим. Шундай бўлишига қарамай, кўплаб ҳолатларда болалар зўравонлик қурбонига айланиб қолаётгани ачинарли. Шу сабабли, болаларни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларидан асраш – нафақат ота-оналар, балки бутун жамиятнинг ҳам бурчи саналади. Ушбу мавзу юзасидан Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали психологи, оилавий муносабатлар бўйича мутахассис Камола Эргашева билан суҳбатлашдик.
— Болалар қандай ҳолатларда зўравонликка учраши мумкин?
–Зўравонликнинг тўртта асосий тури мавжуд: жисмоний, психо-эмоционал, жинсий ва боланинг асосий эҳтиёж, талабларини эътиборсиз қолдириш. Афсуски, бу ҳолатлар кўпинча боланинг яқинлари томонидан содир этилади. Айрим ҳолларда, педагоглар ёки боланинг мактабдаги тенгдошлари ҳам унга нисбатан тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириши, унга босим юклаши мумкин. Зўравонлик аломатлари ҳар доим ҳам кўзга яққол ташланавермайди. Бола ўзини жамиятдан тортишга, атрофдагиларга гапирмасликка, ёки аксинча ҳаддан зиёд агрессив ҳаракатларга мойил бўлиб қолади.
— Боланинг асосий эҳтиёжларини эътиборсиз қолдириш қандай ҳолларда намоён бўлади?
–Айрим ота-оналар ўз болаларини ёшига мос келадиган мазали, сифатли ва тўйимли овқатлар билан таъминлай олмайди. Шунингдек, у ёқтирган кийим-кечак ва ўйинчоқларга ҳам баъзи чекловлар қўйилади. Ота-она фақат ўзига маъқул келган вариантларни устувор қилавергач, бола ўзини қолипда юргандек ҳис этади ва жамиятдан ажралиб юришга ўрганиб қолади.
— Психо-эмоционал зўравонлик нима?
– Психо-эмоционал зўравонлик зўравонликнинг барча турларида учрайди, болада руҳий жароҳатлар юзага келади. Зўравонликнинг бу тури афсуски, ҳозир жуда кўп учрамоқда. Бола яхши оилада яшаши, моддий томонлама барча шароитларга эга бўлиши мумкин, лекин оиладаги жанжал, ота-оналар ўртасидаги жиддий келишмовчилик ва узлуксиз тортишувлар фарзандга психо-эмоционал босимни юклайди. Ҳиссий жиҳатдан стрессга тушган бола энди ўз дунёсида пастга қараб қулай бошлайди, келажагидан хавотирланади. Бу зўравонликнинг сезилмайдиган, жуда нозик шакли ҳисобланади.
—Зўравонликка дучор бўлган болаларни қандай аниқлаш мумкин?
— Агар бола зўравонликка учраган бўлса, унинг хатти-ҳаракати ўзгаради. У жамиятдан ўзини тортиши ва атрофдагиларга гапирмаслиги мумкин. Илмларни ўрганиш истаги йўқолади. Зўравонлик мактабда содир бўлса, у мактабга боришдан безиб қолади. Ўқув муассасаларида давоматни назорат қилувчи масъуллар бу борада сергак бўлиб, дарҳол ота-оналарга хабар беришлари талаб этилади.
Ота-она фақат муаммоли ҳолатдагина эмас, балки ҳар куни фарзанди билан мулоқот қилиши, унинг қизиқишлари билан ҳисоблашиши керак. Болани диққат билан охиригача тинглаш муҳим аҳамият касб этади. Катталар муаммоли ҳолатда болага унинг томонида эканлигини айтишлари ва вазиятни биргаликда ҳал этишга уринишлари ва энг муҳими, уни ёлғиз қолдирмаслиги лозим.
— Шундай ҳолатлар бўладики, бутун синфдаги ҳамма бир болага қарши бирлашиб, унга босим юклашга ҳаракат қилади. Бундай вазиятда мактабни ўзгартириш тўғри ечим бўладими?
–Ўз тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, мактабни ўзгартириш муаммони ҳал қилмайди. Биз шунчаки объектдан қочамиз холос. Агар унинг руҳиятида емирилишлар мавжуд бўлса, янги муҳитда ҳам зўравонлик турлари такрорланиши мумкин. Бу ерда психологнинг ёрдами муҳим аҳамиятга эга. Чунки ота-оналарнинг ўзлари боланинг онгига ўрнашган қўрқувни бартараф эта олмайди.
– Болани зўравонликнинг турли шаклларидан қандай ҳимоя қилиш мумкин?
– Боланинг асосий эҳтиёж ва талабларини ўз вақтида қондириш ва хавфсиз муҳит яратиш – ота-онанинг муҳим вазифаси. Агар бола уни ҳимоя қилишга тайёр бўлган ота-онаси борлигини билса, у мактабда янада хотиржам таълим олади. Агар муаммога дуч келса, уйда буни яқинларига эркин айта олади. Психологияда бир ибора бор: қўрқув юракни чўктиради. Психологнинг вазифаси юракни жойига қайтаришдир. Бола ёшлигиданоқ ўз ҳуқуқлари, шахсий чегаралари ва хавфсизлиги ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Оилада меҳр, ишонч, очиқ мулоқот муҳити ҳукм сурса, мурғак қалб эгаси ўз муаммоларини яқинларига бемалол айтишга ўрганади. Мактабларда эса психологик хизмат кучайтирилиши, ҳар бир бола алоҳида эътиборга олиниши лозим. Бу борада мутахассисларни тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали ҳузурида фаолият юритаётган Психологик хизмат марказида мен «Амалий психология» ҳамда «Бахтли ҳаёт сирлари» курслари доирасида машғулотлар олиб бораман. Бир ойлик ўқув дастурлари давомида бўлажак психологларга руҳий зўриқишни бошдан кечирган инсонлар, айниқса, болалар билан ишлаш усуллари, шунингдек, ёш талаба-қизларни мустақил ҳаётга психологик жиҳатдан тайёрлаш бўйича амалий билим ва кўникмалар берилади.
Алқисса, болалар ҳар қандай жамиятнинг келажаги ва бебаҳо бойлигидир. Уларнинг соғлом, бахтли ва хавфсиз муҳитда вояга етиши учун ҳар бир ота-она, педагог, ҳамда бутун жамият бирдек масъул. Зўравонлик эса боланинг нафақат жисмоний ва руҳий саломатлиги, балки бутун ҳаётий йўлини ҳам издан чиқариб юбориши мумкин бўлган жиддий хатар ҳисобланади. Бу борада комплекс ёндашувни тарғиб қилиш, яъни оила ва таълим муассасаларида ўзаро меҳр муҳитини яратиш ҳамда қонунчилик даражасида қатъий чораларни кўриш талаб этилади.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.