Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Mирзиёевнинг 2021 йил 12 октябрдаги “Тарихий-диний мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларни ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, инфратузилмани яхшилаш ва зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар муқаддас қадамжоларни замонавий, обод ва қулай масканларга айлантиришга хизмат қилаяпти.
Жорий йилнинг 28 февраль куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган Амири Ахтам зиёратгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида BMB HOLDING томонидан ажратилган 4 млрд сўм беғараз маблағ ҳисобига, янгича қиёфадаги зиёратгоҳ мажмуаси барпо этилди. Ҳудуд ободонлаштирилди, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди, қарийб 1 километрдан ошиқ йўл асфальтланди ва мажмуа Республика Маданий мерос агентлиги балансига топширилди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуриллаев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Парда Шукуров, Шароф Рашидов тумани ҳокими Асилбек Ашуров, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, шунингдек, нуронийлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар муқаддас қадамжоларни тиклашнинг маънавий аҳамияти, зиёратгоҳларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари хусусида фикр билдирдилар.
Шундан сўнг мажмуа зиёрат қилиниб, муборак Рамазон ойи муносабати билан юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуои фотиҳа қилинди.
Саховат тадбири “Яккасарой” тантаналар мажмуасида меҳмонлар учун ташкил этилган ифторлик дастурхони билан якунланди.
Мазкур лойиҳа иштирокчилар тарафидан нафақат туман, балки бутун вилоят жамоатчилиги ҳаётида муҳим маънавий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳоланди.