Бобокалонимиз Амир Темур ва темурийлар даври қадим Турон ўлкасида маориф ва таълим тизими, илм-фан юксак ривожланган давр сифатида аҳамиятлидир. Темурийлар даври ренессанси ривожи бевосита Амир Темур асос солган улкан салтанатда адолатли бошқарув тизими барпо этилганлиги катта ўрин тутган. Қудратли салтанат ва маърифатли жамият барпо этишда қадим туркий давлатчилик анъаналари ва исломий шариатга таяниб иш тутган Амир Темур ҳар қандай тараққиётнинг асоси сифатли таълим тизими эканлигини чуқур англаган эди. Шу сабабли Соҳибқирон биринчи галда таълим ва тарбияни тўғри йўлга қўйиш, илмли, маърифатли шахсларнинг жамиятдаги мавқейини кўтариш йўлидан борди. Улкан салтанатнинг барча шаҳар ва йирик қишлоқларида кўплаб бошланғич мактаблар барпо этилди.
Амир Темур буйруғи билан мадрасаларда диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ўқитилиши кенг йўлга қўйилди. Мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аниқ фанларни, хусусан риёзиёт (математика), ҳандаса (геометрия), меъморчилик, муҳандислик бўйича олий даражали мутахассисларга катта эҳтиёжни юзага келтирди. Турон мамлакатидаги олий таълим даргоҳлари бўлган мадрасалар Амир Темур ва темурийлар даврида йирик илмий марказлар, маърифат ўчоқлари вазифасини шараф билан бажарди. Шаҳарлардаги ҳар бир мадрасага вақф ер мулклар ажратилиб, улардан келадиган даромадлар мадрасалар мударрислари ва хизматчилари маоши, кутубхона таъминоти, таъмирлаш ва бошқа ишлар учун етарли бўлган. Амир Темур Турон юртидаги мадрасаларга дарс бериш учун Ислом дунёсининг таниқли олиму уламоларини жалб қилган. Бу Амир Темур ва темурийлар даврида тарихнавислик фани юксак даражада ривожланишига олиб келди. Шу тариқа, олиму уламолар Амир Темур ва темурийлар салтанатида катта ҳурматга ва мавқега эга ижтимоий қатламга айланган эдики, бу Мовароуннаҳр ва Хуросонда Иккинчи Ислом уйғониш даврини юзага чиқарди. Самарқанд, Кеш, Бухоро, Ҳирот ва бошқа шаҳарларнинг маърифат ва илм фан марказларига айланишига олиб келди. Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро савдо ва маданий алоқалар тикланди, илм фаннинг турли соҳаларидаги ҳамкорлик йўлга қўйилди, қўшни ва узоқ мамлакатлар билан элчилик муносабатлари ўрнатилди. Улкан салтанатнинг турли ҳудудларидан Самарқандга келган олиму уламолар ижоди, уларнинг илму фаннинг турли соҳаларида олиб борган илмий фаолиятлари қадимий Турон ўлкасида янги ренессанс даврининг юзага келишида асосий ўрин тутди.
Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантириш стратегиясида таълим тизимини юксак даражада ривожлантириш, Ўзбекистонда учинчи ренессанс даврини яратадиган баркамол авлодни тарбиялаш масаласи долзарб вазифа сифатида белгиланди. Бу масалалар Президент Ш. Мирзиёевнинг Халқ таълими соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича белгилаган вазифаларида ҳам яққол баён этиб берилди. Эндиликда бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда Амир Темур ва темурийлар даври таълим тизимини чуқур ўрганиш ва тарихий тажрибалардан замонавий асосда фойдаланиш амалий аҳамиятга эга ҳисобланади.
Шоҳида АҲМЕДОВА,
ЖДПУнинг катта ўқитувчиси.