Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 2 февралда «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилди. Фармонга кўра, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятида ўтган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ва амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдилар.
Нодира КАРИМОВА (халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири): — Президентимизнинг бу фармонини давлатчилигимиз тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири деб ҳисоблайман. Чунки, давлат бошқаруви тизимида ислоҳотлар янада чуқурлашиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш имкониятлари яратилди.
Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Эндиликда фармон билан янги таҳрирдаги конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди.
Фарҳод ОДИЛОВ (вилоят Кенгаши депутати): — Дарҳақиқат, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат органларининг ҳисобот (ахборот)ларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилди. Масалан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг 7 турдаги (дастурлар ижроси; кичик бизнес, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги; кредитлар ажратиш; ҳоким ёрдамчилари ахборотларини эшитиш якунларига оид) ҳисоботларини эшитиш – ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш доирасида кўриб чиқилади.
Фармонга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади. Демак қонунларимиз ҳам ислоҳ қилиниб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Санобар СУЯРОВА (Сенатор): — Фармон билан давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш жойларини, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойларни белгилаш, йўловчи ва юк ташиш тарифлари, жумладан фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар, табиий объектларга, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига ном бериш ва бошқалар ҳам маҳаллий Кенгашлар ваколатига кирар экан, депутатлар масъулияти ҳам ошади.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадлар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этиш тўлиқ рўёбга чиқади.
Халида АЛИМОВА (Сенатор): — Мен фармон билан танишар эканман, маҳаллий бошқарув тарихида биринчи марта маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини оширишга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда. Бу депутатлардан ўта масъулият билан фаолият кўрсатишни талаб этади.
Дилафруз ҲАМДАМОВА (вилоят Кенгаши депутати): — Экологик партиядан сайланган депутат сифатида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёки унга бевосита таъсир кўрсатувчи корхона ва иншоотлар қуриладиган жойлар, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойлар халқ вакиллари розилиги билан белгиланиши, маҳаллий аҳамиятга молик бўлган курорт табиий ҳудудлар, рекреация зоналари, ботаника ва дендрология боғлари, табиат боғлари ҳам фақатгина Кенгашлар розилиги билан ташкил этилиши ёки тугатилиши юзасидан қарорлар тегишли ҳудуд аҳолиси томонидан сайланган депутатлар фикрини инобатга олган ҳолда, коллегиал тартибда қабул қилиниши теварак-атрофнинг софлигини асрашга хизмат қилади.
Ориф ШУКУРОВ (вилоят Кенгаши депутати): — Таълим тизимида тегишли ҳудудда давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш бўйича қарор айнан маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилиниши фармонда белгилаб қўйилган. Эндиликда, ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси ҳудудда, маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклигини аҳоли томонидан сайланган халқ вакиллари ҳал этади.
Муродбек РАҲМОНБЕРДИЕВ (вилоят Кенгаши депутати): — Конституциявий ислоҳотлар натижасида 2024 йилги сайлов якунлари бўйича, дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида, сўнгра 2026 йилдан эътиборан туман (шаҳар) Кенгашларида Кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида-алоҳида фаолият юритиши белгиланди. Шу сабабли, амалдаги қонунчилик билан бугунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган умумий вазифа ва функцияларнинг маҳаллий вакиллик органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимланиши белгиланмоқда. Шунга кўра, Фармон билан “йўл харитаси” тасдиқланди ва манфаатдор вазирлик ва идораларга Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қонунчиликдаги ваколатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Таклифларни ишлаб чиқишда – жамият манфаатларига бевосита дахл қилувчи масалаларни ҳал этишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг масъул эканлиги билан бирга, ҳокимликларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ташаббускорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Таҳририятдан: Давра суҳбати иштирокчилари фармонда маҳаллий Кенгашларга берилаётган ваколатлар ва уларнинг масъулиятига батафсил тўхталдилар. Эндиликда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилиши бошқарувнинг янги тизимини шакллантиради ва бу халқимизнинг янада бахтли, фаровон яшашига асос бўлади.
Асад МУСТАФОЕВ.
Ботир Қудратов олган сурат.