“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг навбатдаги экиш мавсуми бошланганида Фориш туманидаги Можрум қишлоғининг ғарбида, юксак тоғлар ёнбағрида кўрк тўкиб турган бир туп сарв дарахти ёдимга тушади. Шу дарахтни ҳам кимдир эккандир. Мана, минг йилдан ошиқ давр мобайнида яшилликка бурканиб ўсишда давом этмоқда. Ҳар йили янги новдалар чиқаради, қушлар, бошқа жонзотлар ёзнинг жазирамасидан, қишда эса унинг шохлари орасида изғириндан сақланади.
Давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин кўпгина давлатлар, халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг тарихига, табиатига қизиқиб қолганди. Ҳатто, БМТ “ПроНуратау” лойиҳасини ишлаб чиқиб, “Нурота” қўриқхонасида сақланаётган эндемик олқорларни асраб қолиш бўйича илмий-амалий тадбирларни ишлаб чиққан эди. Тўғрисини айтганда лойиҳа ижросига бир миллион АҚШ доллари ажратилган бўлишига қарамай, амалий ишлар ўрнига лойиҳанинг марказий идорасини сақлаб туриш, мажлисбозлик, халқаро конференциялар ўтказишга сарфлаб юборилган эди ўша маблағ.
Лойиҳа томонидан қилинган энг катта иш ана шу арчанинг ёшини аниқлаш бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан. Бунинг учун Германиядан бир гуруҳ мутахассислар чақирилиб, улар олдига сарвнинг ёшини аниқлаш вазифаси қўйилди. Лойиҳа ахборот хизматининг раҳбари сифатида арча ёшини аниқлашда мен ҳам иштирок этгандим.
Немис олимлари дастлаб Можрум қишлоғи аҳолиси билан мулоқотлар қилди, арча тарихи ҳақидаги афсоналар билан қизиқди. Мулоқотлар чоғида можрумликлар қизиқарли афсонани сўзлаб беришган эди. Аргеадлар сулоласидан чиққан македониялик подшоҳ Искандар Зулқарнай Ўрта Осиёга бостириб кирганда бу ҳудудда яшаётган аҳоли қаттиқ қаршилик кўрсатади. Жанглардан бирида подшоҳнинг олиймақом саркардаларидан бири ҳалок бўлади. Македонияда жорий этилган тартиб бўйича зодагон саркардалар ҳалок бўлса, жасади ватанидаги ибодатхонага дафн қилиниши лозим бўлган. Шу сабабли жанг сустлашиб қолмаслиги учун “шохли” Искандар саркардани вақтинча тоғлар пойига дафн қилиб, атрофига арчалар экиб қўйишни буюради. У саркарда жасадини тўлиқ ғалабага эришгандан кейин Юнонистонга олиб кетишни ният қилган. Можрумликларнинг айтишича, Нурота бағридаги сарв қабр ёнига экилган арчалардан бири экан.
Немис олимлари арча ёшини аниқлаш бўйича олиб борган изланишлари натижасида сарв 1500 ёшдан ҳам улуғ деган хулосага келишган эди. Шундан сўнг сарв дарахти БМТ муҳофазасига олинди ва энг қадимий дарахт сифатида “Биота” деб номланди.
Қадим замонларда бу ерда жуда катта майдонда арчазор бўлган. Тоғдаги қирқилган арчалардан қолган тўнкалар ҳам бундан гувоҳлик бериб турибди. Инсон қадами етган жойнинг табиати, ландшафти албатта, ўзгаради. Афсуски, аксарият ҳолларда салбий ўзгаришлар юз беради. Тоғ ёнбағридаги арчазорлар қурилиш ва ўтин учун қирқиб олинган. Асрларни қаритган якка сарв можрумликлар сўзлаб берган афсона туфайли омон қолган бўлса керак. Яъни қабр бошига экилган арчани кесишга ҳеч кимнинг қўли бормаган. Кейинчалик бу ерга қишлоқ аҳолиси масжид қуриб, ибодатга келишган. Масжид томи ҳам арча тўсинлари билан ёпилган экан.
Бугунги кунда қадимий сарвни минглаб одамлар, хорижлик сайёҳлар келиб кўришади ва бу табиат мўъжизасини муқаддас дарахт сифатида зиёрат қилишади. Табиат ихлосмандларига қулайлик яратиш учун тоғ бағрида меҳмонхоналар қурилган, унда чет эллик сайёҳлар ҳам дам олишади.
Дарахт танасининг диаметри тахминан 24 метр, марказий шохларининг айланаси 12 метр, ҳар тарафга тарвақайлаган пастки шохлари вазнининг оғирлиги туфайли ер устида ётади. Сарв дарахти танаси ковакларига 4-5 нафар одам бемалол сиғади. Ёши улуғ инсонларнинг айтишича, ушбу сарв дарахтининг коваги бундан 50-60 йил аввал болаларга сабоқ берадиган, яъни синфхона бўлган экан. Бу азим дарахтнинг игна барглари яшил, ҳаворанг пўстлоғи қалин гўё инсон қўли билан ўйиб чиқилганга ўхшаб, нақшинкор. Сарв ёнига илк марта борган инсон ўзини бошқача ҳис этиб бошлайди, қандайдир буюклик ёнида тургандай бўлади.
Вилоятимизнинг аксарият аҳолиси Туркия, БАА ва Европа давлатларига саёҳат қилишни орзу қилади. Лекин ўз юртимизда ҳам табиат томонидан яратилган қадимги сарв каби мўъжизавий неъматлар жуда кўп. Уларни бориб кўрсангиз, муқаддас жойларни зиёрат қилсангиз, руҳингиз тетиклашади, аждодлар олдидаги фарзингизни бажариб қўйгандай ҳис этасиз ўзингизни. Қалбингизда шундай Ватанда яшаётганингиздан фахр туйғулари уйғонади.
Асад МУСТАФОЕВ.