“Бобуршоҳ Шарқ мамлакатлари тахтига ярашиб тушган ҳукмдорларнинг ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг шахси олижаноб инсон ва улуғ шоҳга мансуб бўлган фазилатлардан таркиб топган. У жасур ва тадбиркор ҳамда шижоатли саркарда бўлиб, кишиларни ўз ортидан эргаштира оладиган ташкилотчи лашкарбоши эди”.
Уилям Эрскин, инглиз олими.
Амир Темур бир туғ остида 27 та давлатни бирлаштириб, ушбу бепоён мамлакатни муқаддас Ислом ақидалари асосида адолат ила бошқарган ҳукмдордир. Аммо унинг авлодларига улуғ бобомиз яратган империяни сақлаб қолиш насиб этмади. Мазкур қудратли салтанатнинг парчаланувига шаҳзодаларнинг ўзаро тахт талашувлари сабаб бўлгани тарихий манбалардан маълум.
Яна шуниси аниқки, темурийлар орасида буюк аждодига муносиб бўлишга интилганлар кўп эди, аммо ушбу мақсадга уларнинг айримларигина эриша олди. Бинобарин, соҳибқироннинг набираси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда ўз мамлакатига асос солди ва унинг сулоласи бу заминда 332 йил ҳукмронлик қилди.
Аксар улуғ сиймолар каби Бобур Мирзонинг ҳаёти мураккаб кечади. Чунончи, ташқи хуружлар кучайган бир пайтда отаси Умаршайх Мирзо вафот этади. Шу боис 12 ёшида Фарғона тахтининг оғир юкини елкасига олишига тўғри келади. Юзага келган қийин шароит ҳали суяги қотмаган Заҳириддин Муҳаммад Бобурни сиёсат ва ҳарб илмини пухта эгаллашга ундайди, қолаверса, ундаги етакчилик қобилиятини мустаҳкамлайди.
Маълумки, Бобур буюк бобосининг салтанатини тикламоқ орзуси билан яшаган. Айни муддаода у Амир Темур давлатига пойтахтлик қилган Самарқандни забт этади. Лекин Мирзонинг тақдирига ўз юртида ҳукмронлик қилиш ёзилмаганди. Бинобарин, туркнинг яна бир забардаст фарзанди Шайбонийхон Бобур эгалик қилаётган диёрни ишғол этди.
Оқибатда 1504 йилда 250 чоғли навкар билан Самарқандни тарк этади ва жангу жадаллар ила 1508 йилда Кобулда ўз давлатини қуришга муваффақ бўлади. Бунга у бекликлар ўртасидаги тарқоқлик ва келишмовчиликлардан фойдаланган ҳолда эришади. Аммо Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ватанга қайтиш ниятидан чекинмаган эди. Шу маънода Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг ҳарбий кўмагига таяниб, Самарқандга юриш қилади ва қадим кентни бир муддат эгаллашга муваффақ бўлади.
Бироқ бу узоққа чўзилмайди, Шайбонийлардан бўлмиш Убайдулла Султон, Муҳаммад Темур Султон ҳамда Жонибек Султон қўшинларининг босими остида яна Кобулга йўл солади. Энди у юртга қайтмоқдан умидини узганди. Балки ўша чоғлар Бобур Мирзода Ҳинд ерларини забт этиш фикри уйғонгандир.
Жойи келганда айтиш керак, Бобур бобоси Темурнинг жанг услублари ҳамда лашкарни бошқаришга оид тартибларини ўз армиясида жорий қилганди. Хусусан, аскарларини ўн ва эллик кишилик бўлинмаларга ажратиб, уларга бошлиқлар тайинлаган. Шунингдек, энг кучли ва тажрибали жангчилардан иборат хос отрядлар тузиб, муҳим вазифаларни топширади, ҳал қилувчи дамларда уларни ишга солади.
Ёшлар ва етарли кўникмага эга бўлмаганлар ҳукмдор қароргоҳини қўриқлашга жалб қилиниб, захира куч вазифасини бажарган. Жангда қўшин ўнг ва сўл қанотларга, шунингдек, хабарчилар гуруҳларига ажратилган. Кўрсатган қаҳрамонлиги ёки ҳарбий тадбирларни белгилашига кўра навкар ва беклар унвон, лавозим ҳамда рағбатга лойиқ кўрилган.
Бобур Мирзонинг ҳарб илмини пухта эгаллагани Ҳиндни босиб олиш жараёнида яққол намоён бўлди. Бу ўлкани забт этмоққа чоғланар экан, жосуслар жўнатиб, ёвнинг ҳарбий қудратини ўрганади. Чунончи, айғоқчилар йўллаш ҳамда “тил” ушлаб келиш орқали душман қўшини, ҳаракат йўналишлари, қўмондонлари, пиёда ва отлиқларининг имкониятлари, интизоми, жанг услублари, захира ва таъминоти ҳақида тўлақонли маълумотлар тўплайди. Таҳлиллар асосида стратегия ва ҳужум режаларини ишлаб чиқади.
Саркарда Ҳиндистонга юришларини 1510 йилда бошлайди. Дастлаб, кутган натижаларига эриша олмайди, лекин қатъийлик билан черикни олдинга ундашда давом этади. Ниҳоят, 1526 йилда Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик қўшинини 12 минг аскари билан енгади.
Ушбу ғалаба ҳарбий тактикаларни моҳирона қўллаш самараси эди. Чунончи, Бобур Мирзо Панипат майдонида арқон ҳамда занжир билан ўзаро боғланган 700 чоғли аравадан иборат мудофаа тўсиқларини юзага келтирди. Очиқ қолган жойларни хандақ ҳамда дов-дарахтлар шохлари билан ёпишни буюради. Ана шу ҳимоя чизиғининг ортига тўплар жойлаштирилиб, кейинги қатордан милтиқли аскарлар жой олади.
Тўп ва милтиқларга эга бўлмаган ғаним замонавий қуроллар қаршисида саросимага тушиб қолган. Минглаган ҳинд жангчилари на олдинга интилишнинг, на чекинишнинг иложини қила олади. Бу жиҳат тўп ва милтиқлардан отилган ҳар бир ўқнинг бесамар кетмаслигини таъминлайди, жасадлардан тепалар ҳосил бўлади. Камига ғаним ихтиёридаги жанговар филлар яралангач, қоча бошлайди. Жараён Лўдий аскарларининг бир қисми ушбу жониворлар оёқлари остида янчилиши билан ривожланади.
Бобур жанг давомида тўлғама усулини қўллайди, яъни бир неча бўлинмалар душманни айланиб ўтиб, орқадан ҳужум қилади. Йирик йўқотишларга қарамасдан ҳинд саркардаси ҳужумни давом эттираверади. Пировардида Иброҳим Лўдийнинг ўзи қурбонга айланади. Бу Бобур эришган улуғ ғалаба эди. Энди унинг Ҳиндистонни эгаллаб олишига ҳеч кимда шубҳа қолмаганди.
Дарҳақиқат, Бобур Мирзо ўзи барпо этган салтанатни жадал кенгайтира бошлайди. Унинг қаршисидаги навбатдаги тўсиқ ражпутларни оқиллик билан бирлаштира олган ва кучли қўшинни бошқараётган Рано Санга эди. Мовароуннаҳрдан келган ҳукмдор уни ҳам енгишнинг уддасидан чиқди. Чунончи, 1528 йилда улуғ саркарда ҳарбий маҳоратига таяниб, ражпутларнинг 200 минглик қўшинини янчиб ташлайди.
Умри жангу жадаллар билан кечган Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат салоҳиятли қўмондон, балки жисмонан бақувват шахс бўлган. Жумладан, 1528 йил Ганг дарёси бўйида олиб борган ҳарбий ҳаракатларини “Бобурнома”да қаламга олар экан “Ушбу кун Ганг дарёсини қўл солиб ўттим. Бир қўлни санадим, ўттиз уч қўл била ўттим. Бори дарёларни ўзиб, кечиб эдим. Ганг дарёси қолиб эди”, дея битади.
Ўзанининг кенглиги 400 метрдан 2 километрга етадиган, серсувлиги бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ганг дарёсидан сузиб ўтмоқ учун яхшигина жасорат ҳамда тана қуввати зарурлигини англамоқ қийин эмас. Қолаверса, Бобур Мирзо Мовароуннаҳр, Кобул ва Ҳиндистондаги барча дарёлардан сузиб ўтганлигини таъкидламоқда.
Худди шундай, ҳинд тарихчиси Л.П.Шарма “Бобурнинг инсон сифатидаги хислатлари ҳақиқатан ҳам мақтовга сазовордир. У жисмонан бақувват киши бўлиб, қалъа девори устида икки кишини қўлтиқлаб, тўсиқлардан бемалол ўта олар эди. Ҳиндистонда дуч келган ҳар қандай дарёдан қийналмай сузиб ўтар, 80 милча масофани дам олмай бир кунда отда босиб ўтар эди… унинг вужуди умрининг охиригача бешикаст юрди. Иброҳим Лўдийнинг онаси берган заҳар ҳам унинг бақувват жисмига катта зарар етказа олмади”, дея ёзади.
Тангри Заҳириддин Муҳаммад Бобурни нафақат куч балки бемисл заковат ва бошқарувчилик қобилияти билан сийлаган. Жумладан, у Панипат жанги арафасида ўзларидан ўн баробар кўп аскарга эга қўшин қаршисида турган навкарларидаги тушкунликни сезади ва черикка мурожаат қилади: “Беклар ва йигитлар! Ҳар кимса бу жаҳонға келаркан, охирда йўқликка кетади, абадий қолгувчи ёлғиз Худодир. Ҳар кимки ҳаёт мажлисиға кирибтур, оқибат ажал паймонасидан ичгусидир ва ҳар кишиким тириклик манзилиға келибтур, охир дунё ғамхонасидан кечгусидир, ёмон от билан тирилгандин, яхши от била ўлган яхшироқ… Ўлган – шаҳид, ўлтургон – ғози”.
Табиийки, бу сўзлар сафар қийинчиликларини аскарлари билан бирдек тотган, қонли қирғинларда олдинги сафда тура олган, энг оғир вазиятларда инсонийлик ва қўмондонлик салоҳиятини заррача йўқотмаган етакчи томонидан айтилгани учун чексиз таъсир қудратига эга бўлган. Бинобарин, мазкур нутқдан сўнг қўшиннинг ҳар бир аъзоси Қуръонни қўлига олиб, охиригича жанг қилишга қасамёд қилади…
Мирзо қолдирган насрий ва назмий мерос унинг мисли кўрилмаган тафаккур соҳиби бўлганлидан дарак беради. Хусусан, биргина “Бобурнома” шунча асрлар ўтса ҳамки тарих, жўғрофия, тилшунослик, адабиёт, геология, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда илмий изланишлар олиб бораётган олимлар учун қимматбаҳо манба вазифасини ўтамоқда. Шу маънода у Шарқ ва Ғарб улуғларининг хўб ва кўп эътирофларига сазовор бўлган.
Бинобарин, инглиз шарқшуноси Лейн Пул “Бобур Шарқ тарихидаги энг мафтункор шахс эди… Унинг жангларидан ҳам маиший ҳаётдаги каби шоирлик нафаси уфуриб турарди”, деб ёзган бўлса, Жавоҳирлал Неру “Бобур — дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир… Унинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, санъатда, ҳаётда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди”, дея эътироф этади.
Дарҳақиқат, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзгача инсон бўлган. Жумладан, аксар улуғ аждодларимиз қораланган, улар ҳақидаги асл маълумотлар яширилган мустабид шўро даврида ҳам унинг ҳаёти, ижоди, ҳарбий ютуқлари ижобий баҳоланди. Буни Бобур томонидан қолдирилган илмий мерос ҳамда жангу жадалларда бўй кўрсатган саркардалик қобилияти билан боғласак, ўринли бўлади.
Қисқаси, Мирзо Бобур жумлаи жаҳонга халқимизнинг юксак илмий салоҳият ҳамда ҳарбий қудратга эга эканлигини намоён эта олган улуғ аждодларимиздан биридир. Шу маънода ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан 2023 йилнинг 25 январида “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди. Зеро бу ҳужжат улуғ аждодимиз қолдирган илмий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги тўлқинини ҳосил қилди.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо ҳамиша фахримиз, ғуруримиз манбаи бўлиб қолаверади. Бинобарин, ички ишлар органлари ходимлари тайёрланадиган таълим муассасалари ўқув дастуридан Мирзо Бобур ҳаёти, унинг ҳарбий юришлари, давлат бошқарувига оид тутумлари, қолаверса, ижодига оид мавзулар кенг ўрин олган.
Худди шундай, соҳа вакиллари иштирокида ҳафтада бир марта ташкил этиладиган маънавият ва маърифат дарсларида, маърифий ва маданий тадбирларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига алоҳида эътибор қаратилади. Зеро бу инсонга хос ватанпарварлик, тафаккур ва жасорат ҳар бир ички ишлар органлари ходимига ибратдир.
Ғайрат ҚОДИРОВ,
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи,
генерал-майор