ФИРИБГАРЛАР  ЖАЗОДАН  ҚУТУЛОЛМАЙДИ

Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги

Бугун юртимизда кибержиноятларга қарши кескин кураш олиб борилаяпти. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолини ҳушёрликка чақириш мақсадида республикамиз бўйлаб “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик давомида аҳолига   интернетдаги хавфсизлик, ижтимоий тармоқларда тарқаладиган фейк хабарлар ва киберҳужумлардан ҳимояланиш масалалари бўйича кенг тушунчалар берилаяпти. Айниқса, ёшлар ўртасида ахборот хавфсизлиги, интернет маданияти ва киберхавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилаяпти. Шу билан бирга жиноятчиларни фош этиш юзасидан белгиланган тезкор қидирув тадбирлари ўтказилмоқда.

Яқинда тезкор ходимларимиз Наманган вилояти, Наманган шаҳрида яшовчи фирибгарни жиноят устида қўлга олишди. 2006 йилда туғилган Имронжон Тешаев (исми-шарифи ўзгартирилган) жорий йилнинг январь ойида интернет жаҳон ахборот тармоғининг “OLX.UZ” номли онлайн эълонлар платформасида “Телефон савдоси” номи билан профил очади. У ушбу профилга турли хил русумда бўлган телефон аппаратларини фотосуратларини жойлаштириб, ушбу телефон аппаратларини арзон нархларда сотиши ҳақида эълонлар бериб боради. Унга мазкур эълонлар бўйича Жиззах шаҳридаги “Заргарлик” МФЙда яшовчи А.Т. исмли фуқаро харидор бўлиб, қўнғироқ қилади. Имронжон А.Т.нинг ишончига кириб, унга “Телеграм” мессенжерида ташкил қилган профили орқали “Мен сизга онлайн тартибда “Iphhone 13 pro” русумли телефон аппаратини бўлиб тўлаш шарти билан 8 600 000 сўмга сотаман, олдиндан тўлов учун 4 300 000 сўм миқдорида пул тўлаб берасиз, телефонни эса “БТС” тезкор почта орқали жўнатиб юбораман” деган мазмундаги “смс” хабарлар юборади. Унинг бу шартига кўнган харидор  бошланғич тўлов сифатида 4 миллион 300 минг сўм миқдоридаги пулни унинг банк пластик картасига ўтказиб беради. Имронжон фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади ва айтилган телефон аппаратини тезкор почта орқали харидорга жўнатиб юбормайди.

Бундан ташқари, И.Тешаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ш.Рашидов туманидаги “Истиқлол” МФЙда яшовчи фуқаро  Б.А.дан 4 миллион 700 минг сўм, апрель ойида Ғаллорол туманидаги “Қўрғонча” қишлоғида яшовчи фуқаро  К.С.дан 1 миллион 400 минг сўм ҳамда Дўстлик туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Қ.дан 4 миллион 700 минг сўм миқдоридаги пулларни юқоридаги тарзда банк пластик картасига алдов йўли билан ўтказиб олишга эришади. Фирибгар йигит унинг “эртак”ларига учган фуқаролардан жами 15 миллион 100 минг сўм миқдоридаги пулларни ўзлаштириб олсада, уларнинг бирортасига айтилган телефон аппаратини почта орқали юбормайди.

Ҳозирда И.Тешаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эндигина 19 ёшни қаршилаган йигит ўз қилмишига яраша жазосини олади. Лекин энг ёмони интернет орқали мўмайгина даромад илинжида турли йўлларни қидираётган ёшлар сонининг ортиб бораётгани. Бундай ёшлар жиноятга барибир жазо муқаррар эканлигини англаб етмаяптилар. Интернет орқали жиноят қилдим, уни ҳеч ким билмайди, ҳеч ким тополмайди, деб қанча уринмасин бир кун барибир жинояти ошкор бўлиши мумкинлигини кўпчилик  ўйлаб кўрмаяпти. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Фирибгарлар жазодан қутулолмайди. Албатта содда инсонлар баъзан билиб, баъзан билмай уларнинг қармоғига илинмоқда. Фуқаролар ахборот технологиялари ривожланаётган асрда яшаётганимизни, кибер жиноятлардан доимо огоҳ бўлишимиз лозимлигини унутмасликлари керак.

Ойлик давом этмоқда. Аҳолининг кибермаданиятини ошириш, уларни ҳушёрликка чақириш, замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиш бўйича тадбирлар олиб борилаяпти. Сиз ҳам ойликда фаол қатнашинг!

Сарвиноз УСМОНҚУЛОВА,

вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги

жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи

инспектори, катта лейтенант.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *