Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин–қизларнинг иштироки тобора юксалиб бормоқда. Буни вилоятимизда ташкил этилган “Илмли аёл– жамият кўзгуси” шиори остидаги “ХХI аср аёли” фестивали мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Шу муносабат билан анжуманлар саройида мазкур фестиваль доирасида ўтказилган танловларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда вилоят ҳокимининг маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, маҳалла фаолларига мурожаат йўллади. Шунингдек, хотин-қизлар тизимида амалга оширилиши лозим бўлган йўналишларда маҳалла фаолларига таклифлар берди. Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисмига ўтилди. Унда “Гендер тенглик фаоли”, “Йил аёли”, “Энг намунали бошланғич ташкилот”, “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танловларининг вилоят босқичи ғолиблари ҳамда “Илмли аёл– жамият кўзгуси” шиори остидаги “ХХI аср аёли” фестивалининг фаол иштирокчилари тақдирланди. Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан вилоят ҳудудида яшовчи, олий таълим муассасасига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган 87 нафар қизларга махсус пул мукофотлари топширилди.
Мазкур танловларни ташкил этишдан асосий мақсад–юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга ўзи фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
–Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг 731 минг 466 нафарини (49,6 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади,– деди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова. –Шундан давлат бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини ошириш мақсадида 1 минг 726 нафари захирага олинган. Дарҳақиқат, жамиятда хотин-қизларнинг фаоллиги ҳақида сўз юритар эканмиз, шу ўринда бу вазифани бажаришда биз энг қуйи тизим, маҳаллага таянамиз. Айни пайтда воҳанинг ҳар бир қишлоқ ва овулларидаги маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда. Улар ўз ҳудудларида бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун қўшимча шарт-шароит яратиш каби йўналишларда янада жонбозлик кўрсатмоқда.
Юқорида қайт этилган танловларда комиссия аъзолари ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган низомларга асосан номзодларнинг ишларини кўриб чиқиб, баҳолашди. Натижаларга кўра, “Йил аёли” миллий кўрик-танлови, “Энг намунали бошланғич ташкилот” ҳамда “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловларида номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Шунингдек, “Илмли аёл– жамият кўзгуси” шиори остида бўлиб ўтган “ХХI аср аёли” фестивали доирасида 11 октябрь– Халқаро қизлар куни ва 15 октябрь– Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган тадбирларда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ хотин-қизлар номи ҳам эътироф этилди. Ғолиб ва совриндорлар вилоят ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
–Бу каби танловларнинг ўтказилиши мен каби ижод оламида юрган аёлларга катта имкониятлар эшигини очмоқда, –деди “Йил аёли” кўрик-танловининг “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинацияси ғолиби Нилуфар Алламуратова. – Сабаби ижод намуналаримни жамиятдаги бошқа соҳа хотин-қизлари, ёшлар, шогирдларим билан бўлишгим келади. Бундан ташқари бу танловлар ўз соҳасида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли, профессионал, оқила ва маданиятли хотин-қизлар билан яқиндан танишиш, уларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилади, десам асло муболаға бўлмайди. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган хотин-қизлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.
Тақдирлаш маросими якунида вилоят санъат усталари томонидан ташкил этилган концерт дастури меҳмонларга кўтаринки кайфият, завқ-шавқ бағишлади.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар.