ҚАЧОН ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТЛИ БЎЛАМИЗ

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин чирой очмоқда. Янги-янги бинолар, савдо расталари, кўп қаватли турар-жойлар қад кўтармоқда. Бундай ўзгаришлар албатта, барчамизни мамнун қилади. Лекин…

Пиёда шаҳар кўчаларини кезар эканман ариқ ва зовурлар ичидаги ва атрофидаги турли хил чиқиндиларни уюлиб ётганига кўзим тушди. Бу ҳол табингизни хира қилиши табиий. Муаммони қандай ҳал қилса бўлади? Муаммони таҳлил қилиш жараёнида аксарият кўчаларга чиқинди қутилари қўйилмаганлигига гувоҳ бўласиз.

Бугун экологик маданият уни юксалтириш тўғрисида бот-бот гапирилаяпти. Ўсиб келаётган ёш авлодга чиқиндини тўғри келган жойга (ариқ, кўча бўйи)га эмас, махсус қутиларга ташлашни ўргатсак фойдадан ҳоли бўлмасди.

Хорижий давлатлар АҚШ, Франция, Германия, Япония ва Кореяда чиқиндилар билан махсус ташкилот жиддий шуғулланади. Ривожланган мамлакатларда маиший чиқиндилар тур-турига қараб қутиларга жойлаштирилади. Буни аҳоли ҳам яхши билади ва ўрганган ҳам. Тартибга риоя қилмаганлар ҳукумат томонидан қаттиқ жаримага, ҳаттоки жазога ҳам тортилиши мумкин.

Ўлкамизда айни куз хазонрезгичилик пайти. Бу фаслда дарахт япроқларининг тўкилиши, хазонларнинг кўпайиши турган гап. Кўпчилигимиз хазонлардан тезроқ халос бўлиш учун ёқиб юборишгача борамиз. Аслида баргларни ёқиш аллергик, ўсма касалликларига сабаб бўлишини тиббиёт ходимлари уқтиришганку!

Тозалик бор жойда барака бўлади, дейди нуронийларимиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Шаҳримиз ҳудудида, маҳалла ва кўчаларда чиқинди қутиларини кўпайтиришимиз шарт. Бунинг учун масъул ташкилотлар, корхоналар бу масалада фуқаролар йиғинлари билан шартнома тузишса яхши бўларди. Энг асосийси, тозалик учун, ободлик учун барчамиз масъул ва жавобгар эканлигимизни унутмайлик.

 

Умида УМАРОВА.

Жиззах шаҳри, Олмазор маҳалласи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *