Ҳозирда ёшлар орасида бир жумла машҳур шиордек жаранглайди: “Ахир бу модадан қолганку”. Инсон мода ортидан қувадиган бўлса, у кун сайин ўзгариши ҳаммага маълум. Ёшларнинг кўпчилиги эса замон талаби дея турфа хилдаги кийимларни урф қилиб олишган.
Бугунги кунда “замон талаби” дея кўп урф-одатларимиздан, миллийлигимиздан воз кечилаётганлиги ҳам муболаға эмас. Европача кийиниш, уларга тақлид қилиш миллийлигимизнинг чеккароқда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда, дейишимиз мумкин. Биз миллий либосларни фақатгина Наврўз байрами, фестиваллардагина кўраётганимиз эса ачинарли ҳолат, афсуски. Яқин-яқинларда миллийлигимизга зид дея қораланган мини юбкалар, калта кўйлакларнинг яна урф бўлаётгани, кап-катта қизларнинг бозорлар, кўчаларда ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб кийиб юргани ниҳоятда ташвишли.
Шундай мамлакатлар борки, уларнинг либосларини кўрганимизда беихтиёр булар мана шу ўлкадан келишган, деб айта оламиз. Масалан, ҳинд миллий либоси “сари”, хитой миллий либоси “ципао”, япон миллий либоси “кимоно” ва ҳоказолар. Уларнинг фильмлари-ю, сериалларида миллийлиги бамисоли барқ уриб туради ва улар мана шу либослари орқали бутун оламга танилишни хоҳлашади.
Бироқ ҳозирги кунда миллий либосларимизни кенг тарғиб этиш йўлида ўзбек дизайнерлари маҳорат билан ишлашмоқда. Ҳар йили чет мамлакатларда миллий либосларимиз кўргазмаси, модалар намойиши ўтказилаяпти. Бу эса нафақат ўзбек миллий либосларини бутун дунёга танитишга, балки туризмни ривожлантиришга ҳам сабаб бўлмоқда.
Миллийлигимизга ғайритабиий либослар таъсири биринчи муаммо бўлса, иккинчи масала эса нархи баланд ва бренд кийимларни кийишга уриниш масаласидир. Сўнгги пайтларда мактаб ўқувчиларининг тенгдошларининг кийинишига қараб кимнинг оилавий шароити яхши, кимникидир ўртача эканлиги ҳақида англаб олиш мумкин, деган хулосага келаётгани жуда хунук ҳолат. Негаки, ҳамма болаларнинг ҳам жуда қиммат кийим кийишга қурби етмаслиги ва яна шуни айтиш жоизки, бир оилада 3 ёки 4 нафар мактабда ўқийдиган болалар бўлиши ҳам бор гап. Мактабга борганда кийинишига қараб ажратиш бу уларнинг руҳий ҳолатига ҳам, оилавий тинчлигига ҳам зиён етказади.
Аммо ҳозирги кунда мактаб маъмурияти томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барчага бир хил турдаги кийимлар кийилиши йўлга қўйилаётгани мақсадга мувофиқ. Оилада 3 ёки 4 нафар фарзанди борларга эса қиш мавсумида оёқ кийимлар ва уст-бошлар тарқатилмоқда. Мана шундай низомлар жорий қилиш ва ёрдам кўрсатиш орқали давлатимизда ҳамма тенг ҳуқуқли эканлиги билдирилаяпти. Шу жиҳатларни олиб қараганда беихтиёр бир фикр хаёлга келади, нега тўй-маъракаларда, туғилган кунлар, гап-гаштакларда кўпроқ миллий либосларни кийишни, болаларга кийдиришни ўзимизга урф қилиб олмаймиз?..Нега институтда ўқиётган талабалар орасида адрас, атлас бўйинбоғлар, сочга безаклар тақишни модага киритмаймиз? Шундай экан, миллийлик, қадриятларни қадрлаш инсоннинг ич-ичидан, Ватанга, миллий қадриятларимизга ҳурматидан келиб чиқар экан, бу туйғуни ёшларга, фарзандларга кўпроқ сингдириш керак эмасми?
Хулоса шуки, биргина мода орқали ўзлигимиздан, миллийлигимизни жар ёқасига олиб келиб қўйишликдан сақланайлик, зеро, бошқа мамлакатлардан биз эмас, балки улар биздан андоза олиб яшашсин.
Зарина ТУРҒУНОВА,
Бахмал тумани, Ўсмат шаҳарчаси.
Самарқанд давлат чет тиллари институти 4-курс талабаси.