Фориш туманининг тоғли Ухум қишлоғида хизмат сафари давомида ажойиб бир воқеага дуч келдик.
Қўша-қариган жуфтлик – 75 ёшли отахон ва онахон яшайдиган хонадонда бўлиб, уларнинг шукроналик балқиб турган юз-кўзларини мангуга муҳрламоқ истадик. Дарҳол ҳамма нарса ҳозирланди: дастурхон ёзилди, нон, чойнак-пиёла, бир тақсимча узум келтириб қўйилди. Энди онахон пиёлани чолига узатиши, шу нуқтада уларнинг нигоҳлари тўқнашиб, бахт ва мамнунлик ҳақида сўзсиз ҳикоя қилиши лозим эди. Онахон чой қуйди, чолига узатди, аммо… унинг кўзларига тик қарай олмади. Фотомухбиримиз бу ҳолни тузатмоқчи бўлиб, онахонга кўрсатма бера бошлади. Яна қайтарилди, қўл ҳавода, нигоҳ эса ерда. Ҳаммамиз кулиб юбордик. Отахон ноўнғай бўлиб, кампирини койиди: “Бўлақол, нега уяласан? 18 яшар қизмидинг? Бўл, булар кутиб қолишди…”
Аммо барибир онахонни 55 йиллик умр йўлдошининг кўзига қарата олмадик. Ахийри биримиз отахоннинг ён томонига ўтиб, онахоннинг нигоҳи қаратилиши лозим бўлган баландликда турдик. Бу сафар сурат дарҳол тайёр бўлди. Орқага қайтаётганимизда ҳаммамиз нуроний онахоннинг бу ҳолати ҳақида ўйлардик. Ухум “туризм қишлоғи”га айланганига кўп бўлгани йўқ. Тоғ-тошлари, шарқираб оқадиган Ухумсой даралари, мафтункор табиати сабаб бу ердан хорижий сайёҳлар қадами узилмайди. Улар шаҳарнинг шовқини-ю тутунидан қочиб, тунда чигиртка чириллайдиган, тонг каклик хониши билан бошланадиган қишлоқларни излаб келадилар. Лекин менимча, сайёҳларни бу ерга фақат табиат эмас, яна бир бойлик чорлайди. Бу — шаҳарларда аста-секин камайиб бораётган самимият, ҳаё, садоқат ва муҳаббатдир. Чунки 55 йил бир ёстиққа бош қўйиб яшаган аёлнинг ҳали-ҳамон турмуш ўртоғи кўзига тик қарашга уялиши — бу оддий ҳол эмас. Биз суратга туширмоқчи бўлган нарса бахт эди. Аммо ўша куни бахтнинг ўзини эмас, унинг янада нозик кўриниши — ярим асрдан ошган муҳаббатнинг ҳали ҳам ҳаё билан яшаб турганини кўрдик. Ўша куни мен сайёҳлар нимани излаб келишларининг сирини англадим. Улар фақат тоғлару сойларни эмас, балки инсон қалбида ҳали ҳам асраб қолинган ана шундай ноёб қадриятларни кўриш учун келадилар. Чунки ҳақиқий гўзаллик инсонлар қалбида яшайди.
Муқаддас САПАРОВА,
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).