Жорий йилда Арнасой туманида вилоят ИИБ тузилмасида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлимининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан мазкур чўл тумани вилоятда туризм полицияси хизмат кўрсатаётган иккинчи ҳудудга айланди.
Маълумки, сайёҳлик ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун энг мақбул йўналишлардан бири саналади. Туризм гуллаб-яшнаши учун ташриф буюрувчи сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни барқарор сақлаб туриш жуда муҳим.
Айдар-Арнасой кўли атрофида йирик соҳил туризм мажмуаси ва соғломлаштириш маркази қурилгани Арнасой тумани аҳолисининг даромади кўпайишига катта туртки берди. Эндиликда Арнасой аэропортида катта самолётларни ҳам қабул қилиш имконини яратиш ва кўлгача темир йўл қурилиши устида иш олиб борилаяпти. Шунингдек, 7 миллиард сўм ҳисобига тумандаги Бахтли маҳалласининг инфратузилмаси яхшиланиб, туризм қишлоғига айлантириш чоралари кўрилмоқда. Ҳудудга олиб борувчи йўл таъмирланиб, тунги ёритиш чироқлари ва туризм йўл белгилари ўрнатилди, манзарали дарахтлар экилиб, инфратузилма тубдан яхшиланди.
-“Aydarko`l resort” бир вақтнинг ўзида 1 000 нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Жорий йилда ҳудудда 300 ўринли меҳмонхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари, қўшимча туристик объектлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, мажмуага яқин жойлашган Бахтли маҳалласининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, 68 та хонадонда уй-меҳмонхона тизими жорий этилади. Дам олувчилар учун шароитларнинг яратилиш баробарида тинчликни таъминлаш ҳам устувор вазифа. Бу борада ички ишлар идоралари вакилларининг ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга.
Янги туризм мажмуаси кўплаб халқаро анжуманларга ҳам меҳмонлик қилмоқда. Шу йилнинг 24 март куни Ўзбекистон-Тожикистон бизнес форуми юқори савияда ташкил этилиб, қўшни юрт тадбиркорлари ва ҳукумати вакилларининг, умуман, муҳим сиёсий тадбирнинг хавфсиз ва юқори савияда ўтишида хавфсиз туризм хизмати ходимларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Шунингдек, “Jizzaxkh Open Air” фестивалининг юқори савияда ва тинчлик-осойишталикда ўтказилгани ҳам хавфсиз туризм хизмати ходимларининг ҳиссаси катта бўлди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир бўлишига йўл қўйилмади. Ҳудуд 100 дона назорат ва кузатув камераси билан қамраб олинган бўлиб, курортнинг мониторинг марказига уланган. Ушбу марказ 24 соат, 3 сменада ишлайди. Натижада кечаю кундуз назорат таъминланади. Шунингдек, қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам тинчлик-осойишталикни сақлашда катта кўмак кўрсатишади.
Жиззах вилояти туризм соҳасида катта салоҳиятга эга. Айдар-Арнасой кўллар тизими, Зомин миллий боғи ва тоғли ҳудудлар ҳар йили минглаб сайёҳларни жалб қилади. 2025 йил давомида вилоятга тахминан 2 миллион сайёҳ ташриф буюрди, улардан 450 минг нафари хорижий меҳмонлар. Ўзбекистон бир неча йиллардан буён хавфсиз туризм бўйича рейтингларда ишончли ва юқори ўринларни эгаллаб келаётгани бежиз эмас. Бунинг учун ички ишлар ходимларининг ишончли ва вазмин кузатуви, ҳар қандай шароитда ёрдамга шайлиги ва юксак касбий компетенциялари – барқарор ишонч манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мейрбек Амирханов,
Жиззах вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таминлаш бошқармаси ҲПГ профилактика инспектори, лейтенант.
Ҳумоюн Тошмахматов,
Жиззах вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таминлаш бошқармаси ЖТСГ инспектори, лейтенант.