Лицей билимдонлари

Жиззах политехника институтининг фаоллар залида институт қошидаги академик лицейнинг иқтидорли ўқувчи-ёшлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув ўтказилди. Тадбирда ўқув йили давомида фан, таълим ва ижодкорлик йўналишларида юқори натижаларни қўлга киритган, шунингдек, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда академик лицейнинг ижрочи директори Матлуба Ғозиева сўз олиб, 2023-2024 ўқув йилининг биринчи ярми учун “Ректор стипендия”си танлови, “Академик лицейи ифтихори” стипендияси ғолибларига маъмуриятнинг сертификат ва эсдалик совғаларини топширди.

–Яқинда академик лицей ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг саралаш босқичи ўтказилди,– деди лицейнинг ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Фарангиз Абдукаримова.– Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар кейинги босқичга тавсия этилди. Асосий босқичда жами 25 нафар ўқувчи иштирок этди ва мазкур ўқувчилар тест синови асосида янгиланган конституция бўйича ўз билимларини синовдан ўтказдилар.  Якуний хулосага кўра академик лицейнинг ўқувчилари Озодбек Ботиров 1-ўринни,  Жамолиддин Анорбоев 2-ўринни, Камолиддин Жумабоев 3-ўринни эгалладилар.

Тадбирда Жиззах политехника институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, академик лицей директори Ғайрат Эгамназаров сўзга чиқиб, иқтидорли ўқувчиларни қўлга киритилган муносиб ютуқ ва муваффақиятлари билан табриклаб, уларнинг ота-оналарига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, институт томонидан академик лицейнинг иқтидорли ўқувчиларига қаратилаётган эътибор лицейнинг барча ўқувчиларида фан ва спортга бўлган қизиқишни янада ривожлантириш ҳамда уларни олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичларини янада ошишида муҳим омил бўлиши тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *