Ҳар қандай мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян бир ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига қаратиладиган эътибор даражасига боғлиқ, деб айтиш мумкин. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етук кадр этиб тарбиялаш, улар учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база шаклланган ва бу тизим замон талабларига мос равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, парламент томонидан ёшларга доир 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан зиёд халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинганлиги давлатимизнинг ўғил-қизларга бераётган эътиборининг ёрқин намунаси бўла олади.
Бугунги кунда кўплаб ёшларимизнинг бир қанчаси Европа ва Осиё минтақаларида ўқиб, илм олмоқда. Улардан бири 2006 йилнинг 1 май санасида Бахмал туманининг сўлим гўшаси — Ўсмат шаҳарчасида туғилган Шаҳзода Мусурмонқуловадир. Айни вақтда Шаҳзода Жанубий Кореяда бўлганлиги туфайли биз у билан онлайн суҳбат ташкиллаштирдик.
—Тинч ва осойишта заминда, хотин-қизларга эркин таълим олишга имкониятлар эшиги очилган мамлакатда яшаш ҳар бир инсоннинг орзусидир, — дейди Шаҳзода. —Мамлакатимизнинг етук фарзандлари қаторида мен ҳам илм олиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтараман, деган ният ила астойдил ўқишга бел боғлаганман. Ёшлигимдан тил ўрганишга бўлган қизиқишим баланд бўлган. Аммо мактаб дарсларини ўзлаштиришим биринчи даражали бўлганлиги боис, ҳеч қандай қўшимча тил курсларига қатнамаганман. Университетга ҳужжат топшириш йилларим яқинлашаётган вақтда, аниқроғи 10-11-синф пайтимда икки йил мобайнида инглиз тилини пухта ўргандим ва халқаро IELTS сертификатини қўлга киритдим. Чет мамлакатларда ўқиш, дунё кезиш орзуим бўлганлиги боис, бир ой мобайнида Жанубий Корея давлатидаги университетларга ҳужжат топширдим. Учта юқори рейтингдаги университет талабаси бўлдим ва улар орасидан бирини танладим. Суҳбатдан муваффақиятли ўтиб, 40%лик грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирда мен таҳсил олаётган олийгоҳ Пусан шаҳрида жойлашган “Tongmyong University” бўлиб, глобал бизнес йўналишида таҳсил оляпман. Бу ерга келганимдан сўнг ҳужжат топшириш, уни қабул қилиш каби ҳолатларда ҳеч қандай муаммога учрамадим. Бироқ Пусан аҳолиси асосан корейс тилида суҳбатлашганлиги учун бирмунча қийналганман. Тўғри, университетимизда барча дарслар инглиз тилида, аммо кўчада нимадир керак бўлиб қолса, уни топиш учун ёрдам сўраб инглиз тилида гапирсангиз ўзларини олиб қочишади, уялишади. Бундай ҳолатлар узоқ давом этмаслиги учун корейс тилини ҳам оз-моз ўрганишга ҳаракат қилдим ва бунинг уддасидан чиқдим.
Кореяда таълим тизими ҳақида гапирадиган бўлсам, бошқа мамлакатларникида тубдан фарқ қилади. Коррупцияга мутлақо йўл қўйилмайди. Бир йилда иккита семестр ўқиймиз, имтиҳонлардан тўплаган баллингиз сизни университетда қолиш ёки қолмаслигингизни ҳал қилади. Семестрлар тугагандан сўнг икки ойлик таътилга чиқамиз. Айни вақтда имтиҳонларимиз бошланган ва мен бунга тайёргарлик кўрмоқдаман. Келажакдаги режаларим ҳақида айтадиган бўлсам, магистратурани Кореяда ўқиб, ўз бизнесимни йўлга қўйиш ниятидаман. Бундан ташқари, Корея ва Англия мамлакатлари ҳамкорлигидаги бизнес компанияларда иш юритишни мақсад қилганман. Оила аъзоларимга, мен каби ёшларнинг тинчлигини таъминлаб бераётган Юртбошимизга чексиз ташаккурларимни билдираман.
.
Зарина ТУЙҒУНОВА.