ҚИЗАМИҚ ҚАНЧАЛИК ХАВФЛИ?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси “кўҳна қитъа” давлатларини зудлик билан қизамиққа қарши эмлаш кампанияларини ўтказишга чақирди. Бу шошилинч тавсиялар бежиз айнан шу кунларда ўртага чиққани йўқ. Чунки минтақада ўтган йил давомида ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари 2022 йилга нисбатан 30 баробар кўп қайд этилган. Экспертлар буни пандемия даврида қизамиққа қарши вакцинация қамрови кескин пасайгани билан изоҳламоқда. Оқибатда 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида бу касалликка чалинган беморлар сони 30 минг нафардан ошди.

Хўш, қизамиқ ўзи қандай касаллик? У нимаси билан хавфли? Мавзу юзасидан Зарбдор тумани СЕО ва ЖСБ эпидемиолог шифокори  Абдулла БЕГИМОВ қуйидагиларни баён этди.

–Қизамиқ ўткир инфекцион вирусли инфекция бўлиб, ўта юқумли ҳисобланади. Ҳозирги кунда қўшни давлатларда ҳатто республикамиз ҳудудида ёш болалар ва катталар ўртасида касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Касаллик белгилари юқори иситма, характерли тошма, томоқ оғриғи, йўтал, организмнинг жиддий интоксикацияси билан намоён бўлади. Қизамиқ билан ҳар қандай бола, ҳатто катталар ҳам хасталаниши мумкин. Бунда касаллик оғир кечиши, асоратлар чақириши ва баъзан ўлимга олиб келиши эҳтимоли мавжуд.

Қизамиқ билан мавсумий равишда октябрдан бошлаб апрель ойигача касалланишади. Одамлар бу мавсумда кўпроқ ёпиқ хоналарда тўпланиб ўтиришлари билан боғлиқ. Болаларнинг инфекцияланиши кўпинча боғчаларда содир бўлади. Вирус ташқи муҳитга чидамсизлиги туфайли учинчи шахслар орқали касалланиш ҳолатлари жуда кам. Инфекция қўзғатувчиси бемордан соғлом одамга ҳаво-томчи йўл орқали юқади. Умумий равишда касалланган бемор атрофдагилар учун 7-10 кун давомида хавфли саналади. Вакцина олмаган кишилар бемор билан яқин алоқада бўлишда инфекцияланиш эҳтимоли деярли 100 фоизни ташкил этади. Қўзғатувчи шунингдек, ҳаво йўллари орқали узоқ масофаларга тарқалиши мумкин, масалан, зинапоялар, кўп қаватли уйларда шамоллатиш тизимлари орқали ва ҳоказо. Сўнгги ўн йилликда режалаштирилган вакцинация жорий этилиши натижасида болаларда касалланиш кўрсаткичи сезиларли даражада камайиши кузатилди. Аммо аҳолининг катта ёшли қисми орасида парамиксовирусга қарши иммунитетга эга бўлмаганлар кўпчиликни ташкил этади. Бу катталар орасида касалланишлар кўплиги, шунингдек қизамиқ бачадон ичида онадан болага ўтиши ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

Агар одам касалликка чалиниб, тузалиб кетган бўлса, унда умрининг қолган қисмига қадар доимий иммунитет шаклланади ва такрорий касалланиш эҳтимоли жуда кам. Қизамиқ аломатлари катталарда касаллик кўпинча болалардагига нисбатан оғирроқ кечади. Болаларда белгилар касалликнинг даврига қараб фарқ қилади. Қизамиқ панкреатит, менингит, энсефалит, обструктив бронхит, ларингостеноз ва бошқа шу каби асоратлари туфайли хавфлидир. Касаллик фақатгина терида тошма тошиши ва иситма билан чегараланиб қолмайди, балки турли ички аъзоларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин ва узоқ реабилитация даврини талаб қилади. Бундай асоратлар ногиронликни келтириб чиқариши ёки ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Инфекцияни олдини олиш учун 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган кичик болаларни  эмлаш амалга оширилади. Бемор билан алоқа қилганда касалликнинг кечишини сезиларли даражада енгиллаштирадиган профилактик чора-тадбир бу— дарҳол моновалент вакцина олишдир. Шунинг учун касалликка қарши ўз вақтида эмланиш даркор.

 

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА ёзиб олди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *