Вилоят қўғирчоқ театрида жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Россия Федерацияси, Доғистон республикасининг қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан “Дюмовочка” спектакли намойиш этилди. Даниялик машҳур ёзувчи Ҳанс Кристиан Андерсен қаламига мансуб эртак асосида яратилган ушбу саҳна асари Жиззах шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларига қизиқарли таассуротлар бағишлади.
– Шу йил 5 октябрда театримизнинг 85-мавсуми очилишини нишонладик ва бу мавсумдаги илк ижодий ташрифимиз Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида бўлиб ўтмоқда, — дейди Доғистон республикаси қўғирчоқ театри бадиий раҳбари Аминат Яхьяева. — Турли давлатларда, турли миллат вакиллари учун кўп йиллар давомида севимли, қадрдон бўлиб қолган “Дюмовочка” образидан биламизки, ижод ва санъат умуминсоний ришталарга йўғрилган қалб тилида сўзлайди. Шу нуқтаи назардан маҳоратли актёрлар Надежда Турдахунова, Екатерина Касабова, Темур Мустафин, режиссёр Михаил Урицкий, рассом Вера Задорожня, бастакор Паскаль Камилат билан жиззахлик кичкинтой томошабинларга маданий завқ ва қувонч улашгани келдик.
Спектакль якунида меҳмон санъаткорларга вилоят қўғирчоқ театри раҳбарияти томонидан ўзбек миллий либослари ва гуллар ҳадя этилиб, ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирилди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.