МАНФААТ КЎРГАН ТОЛИҚИШ БИЛМАС

Мирзачўл туманидаги Алишер Назаров бошлиқ “Шерзод Бекзод” фермер хўжалиги деҳқонлари пахтачиликда мўл ҳосил етиштиришди.

Мулкдор бўлиш, пешона тер эвазига пул топиш, эл-улуснинг ҳурмат-эътиборини қозониш осон эмас. Бунинг учун кишида ўз касбига ихлос, сабр-бардош бўлиши керак. Ана шундагина кўзлаган мақсадига эришади, ризқига ризқ қўшилиб, рўзғори обод бўлади.

Алишер Назаров (суратда) ана шундай инсонлардан бири. У фермерчиликни бошлаган дастлабки йилларида бозор иқтисодиётининг асл моҳиятини, деҳқончилик сир-синоатларини секин-аста англаб етди. Бунда отасининг, уста деҳқонларнинг бой тажрибалари, берган маслаҳатлари асқотди. Алишер майда-чуйда гапларга парво қилмади. Деҳқончиликка ақлу-заковати ва ҳисоб-китоб билан қаради. Йиллар ўтгач, унинг бундай иш тутими ўз самарасини бера бошлади. Эндиликда у кўзга кўринган қишлоқ мулкдорларидан. Ҳар йили зиммасига олган давлатга дон ва пахта сотиш шартномавий режаларини ортиғи билан бажариб келади.

Жорий йил аҳил жамоа учун баракали келди. Ғаллачиликда мўл ҳосил етиштирган деҳқонлар бутун диққат-эътиборларини 18 гектар майдондаги парвариш қилинаётган хорижий навга қаратишди. Барча агротехник тадбирлар оби-тобида бажарилди. Пахта пишиб, йиғим-терим бошланганда оқликка бурканган далаларнинг қуёшнинг заррин нурларида товланишини кўрган деҳқонлар қувончини яширолмади. Яқин йилларда бундай ҳосил етиштирилмаганди. Энди хўжалик аъзоларининг далага меҳрлари янада ортган, теримнинг бошланишини интиқлик билан кутишарди. Ўша кун етиб келиб, чамандай очилган пахтазорга терим агрегатлари оралади. Уларнинг иш унуми чакки эмасди. Биринчи куннинг ўзида 10 гектар пахта майдонидан 67 центнердан ҳосил олинди.

—Ўтган йили пахтачиликда ҳосилдорлик гектарига ўртача 25 центнерни ташкил қилганди, — дейди фермер. — Жорий йилда бу кўрсаткич 67 центнерга етди. Фермерларга имконият яратиб берган муҳтарам Юртбошимизга раҳмат. Бугун қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти. Буни фаолиятимизда кўраяпмиз.

Илғор фермер даласида ишлар қизғин давом этмоқда. Ғалабадан руҳланган деҳқонлар келгуси йил ҳосилига пухта замин яратишаяпти. Ахир, манфаат кўрган киши толиқишни билмайди.

А.ШУКУРОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *