ЖИЗЗАХНИНГ ЗАЛВОРЛИ ХИРМОНИ

Вилоятимиз пахтакорлари давлатга 291 минг тоннадан зиёд пахта сотиб, йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажардилар

Кеча вилоятимиз бўйлаб ажойиб хушхабар тарқалди. Пахтакорларимиз катта меҳнат ғалабасига эришдилар. Қўлга киритилган бу зафар марраси, албатта, муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг, хусусан етакчи тармоқ — пахтачиликда амалга оширилаётган улкан ишларнинг вилоят миқёсидаги ёрқин натижасидир.

Йилдан йилнинг фарқи бор. Бу йил деҳқонлар тили билан айтганда, чин маънода пахта йили бўлди. Бироқ ушбу ютуқга осонликча эришилмади. Пахта етиштиришнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор. Эрта кўкламдаги об-ҳаво ноқулайликларидан ташқари, сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислиги қишлоқ хўжалик экинларидан мўлжалдаги ҳосилни етиштиришга жиддий ҳалал бермоқда. Жорий йилда деҳқонларимиз 67,6 минг гектар майдонда (шундан 49,4 минг гектарини маҳаллий, 18,2 минг гектарини хорижий навлар ташкил қилади) ғўза парваришлашди.

Қишда шўр ювиш, нам суви бериш тадбирлари вақтида ўтказилиб, экиш мавсумига пухта тараддуд кўрилди. Чигит экиш ишлари белгиланган муддатларда якунланиб, кўчат бир текис ундириб олинди. Вилоятимизда бу йил 90 лик схемадан воз кечилиб, тўлиқ 76 лик схемада чигит экилиши таъминланди. Бу билан кўчат сонини кўпайтириш ҳисобига қўшимча 25 минг гектар пахта майдони ҳосил қилинди. 1383 дона чопиқ трактори, 1323 дона культиваторлар, 344 дона чигит экиш сеялкалари 76 лик схемага мослаштирилди. Янгидан 323 дона якка қатор ва қўшқатор чигит экиш сеялкалари олиб келинди.

Деҳқонларимиз бу йилги мавсумда илк бор 18,2 минг гектар ерга хорижий нав уруғини экишди. Унинг 14,4 минг гектарига Шинжон технологияси асосида плёнка остига экилиши таъминланди. Уруғлик чигитнинг эрта экилиб, барвақт ундириб олиш ҳисобига, ғўза майдонларида биринчи ишлов ўтказиш ишлари ҳам 10-15 кун олдин бошланди. Экинларни кафолатли сув билан таъминлашга эришилди. Бунинг учун жорий йил 15 апрелидан 15 майгача “Зарбдор 30 кун” эълон қилиниб, 66,6 километр канал тозалаш, 43,2 километр лоток таъмирлаш, 1646 дона лотокларни алмаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада 27 минг гектар ғўза майдонларининг сув таъминоти яхшиланиб, экинлар тўлиқ 2-3 мартадан суғорилди.

Жорий йилда янгидан 100 дона пахта териш машиналари (48 дона “BOSHIRAN”, 43 дона FM WORLD, 9 дона “John Deere” русумли) лизинг асосида сотиб олинди. Арнасой туманида ташкил этилган Хитойнинг Боширан компанияси томонидан 73 та қишлоқ хўжалиги техникалари (комбайн ва тракторлар), 21 та агрегатлар келтирилди.

Давлат шартномавий режасини бажариш ва етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олишда биринчилардан бўлиб зафар маррасига етиб келган Зафаробод ва Пахтакор туманлари пахтакорларининг ҳиссаси катта бўлди. Зафаробод тумани деҳқонлари 39,5 минг тонна, пахтакорликлар 52 минг тоннага яқин сифатли пахта етказиб беришди. Дўстлик, Мирзачўл ва Зарбдор туманлари пахтакорлари ҳам вилоятимиз хирмонига баракали улуш қўшдилар. Ҳосилдорлик териб олинган майдонларда гектарига ўртача 45-47 центнерни ташкил қилди.

Вилоятимизда ерни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, унга меҳр берган фермерлар кўплаб топилади. Улар эндиликда кўпроқ эл дастурхонини тўкин қилишни ўйлашаяпти. Бугунги фермер нафақат ҳосилдорликни, балки даромадларини ҳам оширишга ҳаракат қилаяпти. Ана шундай қишлоқ мулкдорлари бу йилги мавсумда ҳосилдорликни 60-70 центнерга етказишди. Зафаробод туманидаги “Фориш йўллари” 90 центнер, “Янги тонг” фермер хўжалиги 85,2 центнер, “Тоштемир ота” фермер хўжалиги 76,7 центнер, Зарбдор туманидаги “Ютуқ майдони” 85 центнер, “Миллий оқ олтин агро” МЧЖ 77 центнер, Шароф Шаридов туманидаги “Қўрғонтепа” 85 центнер, Мирзачўл туманидаги “Файз Шохруз” 78 центнер, Пахтакор туманидаги “Диамонд браве” МЧЖ 72 центнер, Арнасой туманидаги “Баракали деҳқон пахтаси” фермер хўжалигида ўртача ҳосилдорлик 70,6 центнерни ташкил қилди. Бундай илғор фермерларни кўплаб мисол келтиришимиз мумкин.

Ҳосилни қисқа фурсатларда, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олишда терим агрегатларининг ҳиссаси катта бўлди. Бу йилги мавсумда вилоятимиз бўйича 300 дан зиёд пахта териш машиналари иштирок этди. Етиштирилган ҳосилнинг 262 минг тоннадан зиёди (90,1 фоизи) агрегатлар кучи билан териб олинди. Айниқса, Дўстлик туманидан Оббос Туропов, Фахриддин Жўраев, Шерали Тайманов, Садриддин Бердимуродов, Арнасой туманидан Зафар Одилов, Даврон Умиров, Шароф Рашидов туманидан Аҳрор Шермонов, Муҳиддин Соатов сингари илғор механик операторлар мавсумда 500-600 тоннадан ошириб пахта териб, хирмонга баракали улуш қўшдилар.

Ушбу эришилган меҳнат ғалабасидан руҳланган вилоятимиз деҳқонлари йиғим-терим ишларини сусайтиришмаяпти. Улар етиштирилган пахтани охирги мисқолларигача териб олиш, келгуси йил ҳосили учун ҳозирдан замин тайёрлаш мақсадида шудгорлаш, ғалла экиш ва парваришини қизғин давом эттиришмоқда.

Абдушукур ЛАПАСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *