Банан, киви, араб хурмоси, япон олмаси-мушмулла. Асосан тропик иқлим минтақасида ўсувчи бу меваларни энди ўзимизнинг маҳаллий иссиқхоналарда ҳам етиштириб, кўпайтириш имконияти бор. Боғдорчилик, томорқачилик ва иссиқхона хўжалигини юритиб келаётган Ғаллаорол туманининг Чувуллоқ қишлоғида истиқомат қилувчи олтмиш ёшни қаршилаган Имомқул Пирназаров ўз меҳнати билан буни исботлаб келаётган ҳамюртларимиздан саналади.
Узоқ йиллар ҳайдовчилик қилган Имомқул ака турмуш ўртоғи Насибали опа билан маслаҳатлашиб, олти сотих майдонда иссиқхона барпо этди. Ижтимоий тармоқларни кузатиб борган хонадон соҳиби икки сотих ердан ҳам миллион-миллион сўм маблағ топиб, даромад олаётган пойтахтлик ва водийлик оилавий тадбиркорлар фаолиятини кузатиб, ўрганиб, бу йўналишга қизиқишлари янада ошди. Интернетда “Агро олам”, мутахассислар чиқиши, тавсияси ҳамда маслаҳатини қунт билан эшитиб, дафтарига қайд этиб борган Имомқул ака кейинчалик 2016 йилдан бошлаб хонадонида иссиқхона ташкил этди.

Оилавий тадбиркор бошлиғи Имомқул Пирназаров дастлаб 40 туп республикамизда биринчи бўлиб маҳаллийлаштирилган “Meyer” лимон навини иссиқхонасига экди. Кейинчалик 10 туп апельсин, 10 туп мандарин, 4 туп араб хурмоси, 2 туп мушмулла, 2 туп киви ва банан кўчатлари келтирилиб, навбати билан иссиқхонага жойлаштирилди.
—Барча экилган экинга эътибор, меҳр бериб қарасангиз у кўкаради, ривожланади. Фақат сиздан талаб қиладигани озгина қунт, сабр керак холос,—дейди Имомқул Пирназаров.
Уч ўғил Наврўзбек, Ниёзбек ҳамда Ғиёсиддин отасига бу борада камарбаста. Оилавий тадбиркорлар бу мавсумда 2 тонна лимон, 1,8 тонна олма, 500 кило анор, 1 тонна узум ҳамда 1 тонна шафтоли жами олти тонна мева йиғиштириб олишни хомчўт қилишган.
Имомқул аканинг боғидаги мева дарахтлари ҳам бу йил мўл ҳосил берди. 30 туп анор, 30 туп олма, 70 туп узум, 20 туп шафтоли, беҳи, олхўри, нок ички бозорга чиқарилди. Томорқачиликдан топилган даромадга Имомқул ака ҳамда Насибали опа уч ўғлини уйлантирди, қизини турмушга берди.
Янги қатор лойиҳалар устида бош қотираётган Имомқул ака ва унинг оила аъзоларининг кузда бажарадиган юмушлари кўп. Аввало, етилган ҳосилни саромжойлаш, бозорга тайёрлаш лозим. Ана дарвозадан юк машинасида пишиб етилган нок, анор ва беҳи учун буюртма берган мижоз кириб келди. Ортга қайтар эканмиз навбатдаги машинани бошқариб келаётган йигит ҳам тўғри боғ томон рулни бурди…
Зоир ЭРГАШЕВ.