Бу ерда маҳаллий ёшлар замонавий технологияларни бошқаришни ўрганишади
Бугун исталган саноат корхонасига борсангиз техника ва технологияларни бошқариш учун хориждан мутахассислар таклиф қилинганлигининг гувоҳи бўласиз. Чунки бундай мутахассислар нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизда ҳам етишмас эди. Шу каби мутахассисликларни эгаллаш учун айрим ёшлар хорижда ўқиб келишга мажбур бўларди.
2024 йилда давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Жиззах политехника институти ҳузурида “Саноат муҳандислиги” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди. Мактабда замонавий саноат тармоқлари учун рақобатбардош, инновацион фикрлаш қобилиятига эга бўлган муҳандис-технологлар, лойиҳа муҳандислари ва ишлаб чиқариш етакчиларининг тайёрланиши мақсад сифатида белгилаб олинди.
Саноат корхоналарининг тўқимачилик, тикувчилик соҳаларида асосан турк, автомобилсозликда хитойлик мутахассислар бош менеджерлик лавозимларида ишлашмоқда. Ушбу соҳаларга маҳаллий ёшларни билим ва амалий тайёрлашда дарслар Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Хитойнинг BYD (электромобиллар ишлаб чиқарувчи етакчи компания) мутахассислари томонидан олиб борилади. Бу эса талабаларга нафақат назарий билим, балки тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришда қўллаш мумкин бўлган амалий кўникмалар ҳам беради.
“Саноат муҳандислиги” илғор муҳандислик мактаби енгил конструкцияли қиймати 4,5 млрд. сўмга инфратузилмалари билан Узавтосаноат АЖ маблағлари ҳисобидан 2025 йилда қуриб битказилди. Бинога 3.5 млрд сўм миқдоридаги замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилди.
Бу ерда намуна сифатида, узоқ муддатли (дуал таълим шаклида, 1-2 йил), қисқа муддатли (1 ойдан 9 ойгача) ва малака ошириш (автомобиль заводлари ишчилари учун) курсларида ўқитиш ва касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларида автомобиль заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ходимлари ва ишсиз ёшлар касбга қизиқишига қараб йўналтирилади.
“Саноат муҳандислиги” илғор муҳандислик мактабида қуйидаги йўналишлар бўйича ўқув курслари ташкил этилади:
-электромобиллар ва зарядлаш станцияси муҳандислиги;
-таннарх муҳандислиги (Cost Engineering);
-қайта лойиҳалаш муҳандислиги (Reverse Engineering);
-саноат муҳандислиги;
-дастурлаш муҳандислиги;
-BYD автомобиллари ишлаб чиқариш муҳандислиги;
-Benchmarking муҳандислиги;
-электромобилларга хизмат кўрсатиш муҳандислиги.
Кўриб турганингиздай бу соҳаларнинг аксарияти кунлик турмушимиз, ишлаб чиқариш билан уйғунлашиб кетган.
Ҳар бир курс тўлиқ 1-4 ҳафтага мўлжалланган бўлиб, фанлар замонавий талабларга жавоб берувчи шаклда, рақамли технологиялар, компьютер моделлаштириш, энергияни бошқариш, саноатда LEAN ва ISO стандартлари, дастурлаш, киберхавфсизлик каби йўналишларни ҳам қамраб олган.
Бу мактабнинг афзаллиги шундаки, ҳар бир курс ишлаб чиқаришга йўналтирилган, ҳудудий ва халқаро саноат корхоналари билан узвий боғланган. Жумладан, BYD, ADM Jizzakh, Jizzakh Cement, Roison Electronics каби компаниялар билан ҳамкорликда амалий машғулотлар ташкил этилади.
Бу каби илғор ва амалиётга яқин таълим модели орқали “Саноат муҳандислиги” мактаби нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни тайёрлашни мақсад қилган.
“Саноат муҳандислиги” илғор муҳандислик мактабида BYD автомашинасининг эҳтиёт қисмларини локализация қилиш масалаларини ҳам ўргатади. Бу вилоятимизда янги корхоналар ташкил этилишига асос бўлади.
Асад МУСТАФОЕВ.