Эътибор берган бўлсангиз, хорижда оммавий иш ташлашлар, тартибсизликлар маълум касб эгалари томонидан амалга оширилади ҳамда норозилик кайфиятини шу йўсинда намоён этишга айнан касаба уюшмалари ундайди. Уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари шу каби тартибсизликларни неча марта ташкил қилишига қараб белгиланса ҳам ажаб эмас.
Юртимизда касаба уюшмалари тизими аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ишчи ходимлар ва уларни оила аьзоларини соғломлаштириш мақсадида ишлаб келмоқда. Тизимдаги меҳнат фаолиятим давомида касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаол бўлган ташкилот, корхоналарда иш самарадорлиги, аҳил жамоавий муҳит шаклланишига бир неча марта гувоҳ бўлганман. Аксинча, қуйи бўғинда касаба уюшмалари афзалликлари тўғрисида етарлича тарғибот олиб борилмаган, ходимлар касаба уюшмаси аъзоси сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаган ҳолатда бошбошдоқлик, бирлик кўзга ташланмайди.
Фаол касаба уюшмаси яшаш ва фикрлаш тарзига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Биргина мисол, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасида вилоят бўйича 4577 нафар аъзо бор. Ҳар йили ходимларнинг меҳнат таътили пайтида дам олиб, даволаниши учун Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланма ажратилади. Афсуски, бу имкониятдан фойдаланиш кўрсаткичи жуда паст. 2025 йилда имтиёзли асосда йўлланма олиб, соғлигини тиклаган ходимлар сони атиги 32 нафарни ташкил этди. Йил якунлаб бораяпти, бу борадаги режа ҳатто 20 фоизга ҳам бажарилгани йўқ. Яшириб нима қиламиз, меҳнат таътилига чиққан ходим аввало уй-жой қурилиши, тўй ёки бошқа мақсадлар учун маблағ сарфлайди. Ўзи учун, йиллар давомида сарфлаган энергияси, соғлиги учун йўлланманинг 45% миқдорида маблағни тўлашга оғринадиганлар кўп. Санаторийлар турли касалликлардан даволаниш билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариш маскани ҳамдир. Шу сабаб бошланғич касаба уюшмалари орқали тарғиботни кўпроқ олиб бориш лозим.
2025 йил давомида жами 3 нафар ижтимоий кўмакка мухтож ходимларга бепул санаторийга йўлланма берилди. Жумладан, Пахтакор тумани спорт мактаби фарроши Эгамова Барно ва Зарбдор спорт мактаби фарроши Ахмедова Адолатга 6 288 000 сўмлик “Кўҳинур” санаторий йўлланмаси бепул тақдим этилди. Зомин тумани спорт мактаби ҳудуд фарроши Эгамбердиева Мавлуда “Бўстон” санаторийсига бепул йўлланма олди. Қонунчиликда бундай турдаги йўлланмалар бериш тартиби аниқ белгилаб қўйилган: 1- ёки 2-гуруҳ ногирони, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакили бўлган ходимга тақдим этилиши мумкин. Аёлларнинг йиғлаб, дуо қилганини кўрсангиз эди. Шундай пайтларда касаба уюшмаси қўмитасининг халқчил тузилма эканлиги аниқ кўринади. Ходимлар меҳнат ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўзлари, ота-онаси ва фарзандлари учун дам олиш масканларига йўлланмалар олиш, меҳнат шароитларини яхшилаш каби масалаларга қизиқиб кўрсалар, бу тизимнинг афзалликлари кўпроқ юзага чиқади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11 ноябрь — “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни”да тизимимиз ташкилотларида меҳнат қилаётган барча ходимларни фаолликка, меҳнатдан завқланишга чорлайман. “Инсон қадри учун” деган олижаноб ғояни вилоятдаги ҳар бир корхона ва ташкилотда қарор топтириш, меҳнатни фаровонлик ва бахт манбаига айлантириш кўп жиҳатдан касаба уюшмаларининг самарали фаолиятига, ходимларнинг фаоллигига боғлиқ.
Гулбаҳор ХОЛМУРАДОВА,
Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти Бирлашган қўмитаси раиси.