ЎЗБЕКИСТОН — ХИТОЙ ДЎСТЛИК БОҒИ ОЧИЛДИ

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Арнасой туманининг “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинида “Галофит боғларини илмий асосда ташкил этиш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Экология вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги масъуллари, Хитой Халқ Республикаси Шиньжон экология ва география институти профессорлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда “Green University” профессор ва олимлари, “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти, Оролбўйи халқаро инновация маркази, Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирекцияси давлат муассасаси, Арнасой тумани ҳокимлиги вакиллари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сонли Қарорига асосан, Ўрмон фонди ер участкаларида сувсизлик ва шўрланишга чидамли галофит ўсимлик турларидан иборат 4 та ботаника боғи, жорий йилнинг октябрь – декабрь ойларида Нукус, Кармана, Қоракўл, Арнасой ва Муборак туманларида галофит боғи ташкил этиш белгиланган эди.

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос 122 хил турдаги галофит ўсимликларининг руйхати шакллантирилиб, 2025 йил июнь ойида Хитой Халқ Республикаси Шиньжон экология ва география институти ҳамкорлигида 35 турдаги 1,3 тонна галофит ўсимликлари уруғлари олиб келинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Галофит ўсимликлари ботаника боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 90-сонли қарори асосида галофит боғини ташкил қилиш мақсадида Нукус тумани, “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Катти агар” массивида Нукус туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган 56,29 гектар ер участкаси Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети тизимидаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтига 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилди. “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан 10 гектар майдонда галофит боғини ташкил қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда экспертизадан ўтказилди.

Халқ депутатлари туман кенгашларининг қарори билан Кармана, Қоракўл, Арнасой ва Муборак туманларида галофит боғини ташкил этиш учун 10 гектардан ер майдони ажратилган. “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан лойиҳа ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда экспертизадан ўтказилган. Танлов асосида пудратчи корхоналар белгиланди.

“Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида, Экология вазирлиги “Бинолардан фойдаланиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари дирекцияси” давлат муассасаси томонидан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Семинар аввалида “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов мамлакатимизда кейинги йилларда иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Ўз навбатида  Арнасой туманида ишга туширилаётган “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” ҳам республикамизда яшиллик даражасини ошириш, экотизимларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, бундан кейин ҳам хитойлик ҳамкорлар билан биргаликдаги бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилади, – деди Э.Муҳиддинов.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари сувсизлик ва шўрланиш шароитига чидамли галофит ўсимликлари боғини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Тадбирда галофит ўсимликларни етиштиришнинг илмий асослари, агротехник тадбирлари, сув тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарор агроэкотизим яратиш масалалари муҳокама этилди.

Семинар доирасида амалий кўргазмалар ҳам ўтказилиб, иштирокчиларга галофит боғларини парваришлаш, тупроқ шўрланишини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда бу ўсимликларнинг аҳамияти юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Лойиҳа доирасида галофит боғларини ташкил этиш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш ишларига эҳтиёжманд оилалар вакилларини жалб этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш мақсад қилинган.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *