МИНТАҚА БИРДАМЛИГИ – СТРАТЕГИК ЗАРУРАТ

Муҳтарам Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сўнгги йилларда шаклланаётган янги сиёсий муҳит, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик босқичининг тарихий аҳамияти кенг ёритилган. Айни пайтда бу жараён тасодифий эмас, балки давлат раҳбарларининг изчил саъй-ҳаракатлари, очиқлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлиги натижаси экани таъкидланади. Алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат — минтақанинг бирдамлиги энди сиёсий эҳтиёж эмас, балки умумий хавфларни бартараф этиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун стратегик заруратга айланганидир.

Мақолада Маслаҳат учрашувлари формати минтақавий ҳамкорликнинг илк маротаба мустаҳкам институционал асосга эга бўлганини кўрсатади. Чегараларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ хал этилгани, Фарғона водийсида тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган қадамлар, сув-энергетика соҳасида эришилаётган муросалар — буларнинг барчаси минтақавий сиёсий етукликнинг амалий намуналаридир. Шунга қўшимча, Эркин ҳаракатланиш, чегараолди савдо ва гуманитар алоқаларнинг кенгайиши Марказий Осиёнинг яқин тарихда кузатилмаган даражада бирлашган ҳудудга айланаётганини намоён қилади.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам интеграция самарадорлигини тасдиқламоқда: ЯИМнинг сезиларли ўсиши, ўзаро савдо ва инвестицияларга бўлган ҳажмнинг бир неча баробар ортиши, саноат кооперациясининг янги шакллари минтақада барқарор ривожланиш модели шаклланаётганидан далолат беради. Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кучайиши эса халқлар ўртасидаги ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамламоқда.

Шу билан бирга, мақолада Марказий Осиёнинг ташқи сиёсий имижи ҳам ўзгараётгани қайд этилади: минтақавий манфаатлар асосида “Марказий Осиё плюс” форматлари кучайиб, минтақанинг халқаро субъект сифатидаги нуфузи ошмоқда. Бу эса глобал муаммолар шароитида умумий позицияни шакллантириш ва ташқи шериклар билан мустаҳкам мулоқот олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.

Афғонистон масаласининг алоҳида тилга олиниши айни муддодаги геосиёсий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда ўринли. Афғонистоннинг тикланиши ва минтақавий жараёнларга қўшилиши бутун Марказий Осиё хавфсизлиги учун ҳал қилувчи омил экани тўғри таъкидланган.

Дарҳақиқат, бугунги янги тараққиёт босқичида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг ўзига хос асосий жиҳатларидан бири – очиқлик, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли муносабатлар тамойили кучайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-6 ноябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи минтақавий ҳамкорлик учун нечоғли жонбоз давлат эканини кўрсатиб берди. Ташриф доирасида АҚШ Президенти Доналд Трамп билан Оқ уйда учрашув, «С5+1» форматидаги саммитда иштирок, юқори даражадаги музокара ва келишувлар ўтказилди.

Оқ уйда бўлиб ўтган «С5+1» саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни глобал иқтисодий ва логистик марказга айлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Унинг таклифига кўра, ҳамкорликнинг доимий Котибияти, Инвестициявий шериклик жамғармаси ва қишлоқ хўжалиги инновация шериклиги тузилади. Бу ташаббуслар нафақат минтақани, балки кенг халқаро иқтисодий йўналишларни ҳам ҳаракатга келтиради.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон минтақа лидери сифатида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Давлатимиз раҳбарининг мақоласида бирлашиш тақозоси “Жаҳон тартиботининг кенг кўламда трансформацияга учраши, глобал иқтисодиётни парчалашга қаратилган хатарлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг кескинлашиб бораётгани саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш йўлидаги интилишимизни кучайтирди. Буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларидан янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишни тақозо этади” дея аниқ тавсифланган ва ечимлар кўрсатилган.  Мақола Марказий Осиёнинг янги тараққиёт босқичини изчил, мантиқий ва тарихий нуқтаи назардан ёритиб, минтақанинг бугунги бирдамлиги келажак барқарорлиги ва фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор эканини асосли равишда кўрсатади. Мазкур ёндашув, шубҳасиз, Тошкентдаги бўлиб ўтган  саммит аҳамиятини янада оширади ҳамда умумминтақавий бирдамлик ғоясининг муҳим сиёсий асосларини ташкил этади.

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *