ХАРОМ ЛУҚМАНИНГ ТЎЛОВИ

Коррупциянинг иллати, жамият тараққиётига қанчалик тўсиқ бўлиши ҳақида кўплаб бонг урилади. Шундай бўлса-да, нафсини енга олмаганларнинг оқибатини ўйламай пора олгани, ёинки пора бериб қўлга тушгани ҳақидаги нохуш хабарларни афсуски, тез тез эшитамиз. Бу жиноятга қўл урганлар аввало эл олдида ҳурматини йўқотади, қонун олдида жавобгарликка тортилади, энг ачинарлиси, баракаси учади.

Харом луқманинг тўлови анча оғир бўлади. Бу ҳақда ҳадисларда ҳам кўп бора тилга олинган. Қайсидир ривоятни мисол тариқасида келтирмоқчи эмасман. Бир танишимнинг бошидан ўтказганлари ва афсус надоматларини қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.

Одатий иш кунларимдан бири. Тушлик қилиш учун яқин атрофдаги мўжазгина ошхонага кирдим. Бурчакдаги столда ёл-из ўтирган аёл кўзимга иссиқ кўринди. Эсладим, бир вақтлар қўшни хонадонда ижарада яшаган опа. Ўша вақтлар талаба эди. Бошқа вилоятда яшагани боис Жиззахда уйи йўқ эди. Олий ўқув юртини тамомлагач, шу ерда ишга жойлашганди. Бир неча йил ишлаб даромади яхшилангач, кўп қаватли уйдан бир хоналик квартирани тўловини бўлиб тўлаш имконияти билан сотиб олганди. Ҳа, охирги бор кўришганимизда хурсандчилик билан шу янгиликни айтганди. «Ижарага тўлайдиган пулимни энди ўз уйим учун тўлаяпман, ўзимнинг уйим!» Опа оиласи билан янги хонадонига кўчиб кетганидан сўнг қайтиб кўрмадим.

Қўшни опанинг ёнига бориб салом бердим. У бир нуқтага термулиб ўтирар, негадир хаёллари паришон эди. Кўриниши ташвишли, кўзларида эса чарчоқ аломатлари яққол сезилиб турарди. Аввалига мени пайқамади ҳам. Кейин сергак тортди. Аёлларга хос ҳол сўрашишлардан сўнг, нотинчдек кўринишининг сабабини сўрадим. У иккилангандек бир муддат жим қараб қолди. Қўшни бўлиб яшаган вақтларимизда яқинларидан узоқдалиги учунми, опа мени ўзига яқин олар эди. Муаммолари-ю, хурсандчиликлари ҳақида очиқ гаплашарди. Ҳозир эса хадик аралаш қарашидан бекор бу саволни бердимми дея, мавзуни ўзгартирмоқчи эдим, опа чуқур ухх тортганча гап бошлади.    

– Бошимдан ўтказганларимни кун келиб кимгадир айтаман деб ўйламаган эдим. Ўзимни ўзим муаммолар ичига ташладим. Энди эса бу ташвишлар гирдобидан қутила олмаяпман, – дея хўрсинганча ҳикоясини бошлади у. – Ишларим бир маромида кетаётган эди. Шундай бўлса-да, нимагадир секинлик билан эришаётганларимга тезроқ етишни истадим. Кўпроқ пул топиш дардига тушдим. Шундай ўйлар билан юрган кунларим бир танишим иш қидираётганини, мен ишлаётган ташкилотга танишлар орқали ишга жойлашишнинг иложи бўлса харажатини қилишини шама қилди. Унинг гаплари менга гўёки яхшигина имкониятдек туюлди. Раҳбар билан ўзим гаплашсам-чи, жуда яхши кадр, дея мақтаб, амаллаб ишга ўтказсам-чи, деган хом хаёллар кела бошлади. Нима бўлди-ю, нафсимни бошқаролмай унга раҳбар билан гаплашиб, иш масаласида ёрдам бера олишимни айтдим. Эвазига эса 1000 доллар сўрадим. Танишим бунга рози бўлди.

Рости ҳамроҳимнинг гапларидан хайратим ошди. Ўқимишли, ақл-хуши жойида бўлган аёлнинг бу қадар тор фикрлаши мени лол қолдирди.

– Пулни олгач, раҳбарим билан танишимни ишга олиш масаласида гаплашиб кўрдим. Аммо, уринишларим бесамар кетди. Пулларни эса аллақачон сарфлаб улгургандим. Орадан вақт ўтса ҳамки, ўзимдан орттириб у маблағни тўплай олмадим ва танишимга қайтаролмадим. Шу сабабли унинг қўнғироқларига жавоб бермасдим ёки ҳар хил баҳоналар билан алдардим. Қилган ишим Яратганга ҳам хуш келмадими, шундан кейин баракам учди. Кунларнинг бирида яқин дугонам зарур харажатлари борлигини, шу сабабдан кредит олмоқчилигини айтиб мендан кафил бўлишимни илтимос қилди. Унга ишонганим учун рози бўлдим. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Икки ой ўтгач, банкдан қўнғироқ қилишди. Кредит тўланмаётганлигини маълум қилишди. Дугонам эса жуда қийналаётганини, имкон топиши билан қарзни ёпишини айтиб, вақтни чўзиб юраверди. Оқибатда банкдан олинган қарзни ҳар ойда ўзим тўлашга мажбур бўлдим. Бу томондан уйнинг кредити… Қариндошлардан, яқин танишларимдан қарз олдим. Охир-оқибат бўғзимгача қарзга ботдим. Нафсимга эрк бериб бировнинг ҳақига хиёнат қилганимнинг бадали эди бу. Охирги чорам неча йиллар орзу қилиб эришган уйимни сотиш бўлди. Яна ижара уйга кўчиб ўтдим. Қурбим етгунча қарзларимни тўлаяпман. Ўша танишимдан ҳам узр сўраб, олган пулимнинг бир қисмини қайтардим. Бўлиб ўтган ишлар менга сабоқ бўлди.

Опага далда бериш учун тузукроқ сўз топа олмадим. Ҳаммаси яхши бўлишига умид билдириб ортимга қайтдим. Ўй-хаёлимда эса “Нима учун одамлар била туриб, кўра туриб тиканни босишади?”, “Нима учун Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилмай ўзларини нопок ишларга ундашаркин?” каби саволлар кетмади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *