Сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тадбирлари жадаллик билан олиб борилаяпти. Шаҳарлар “чўмилтирилиб”, аҳоли кўп тўпланадиган ҳудудларда чанг бостириш ва сув билан ишлов бериш орқали ҳаво тозалигини таъминлаш ишлари ўтказилаяпти. Ёз бўйи дарахтлар баргига ўтирган чанг-ғуборлар ювиляпти. Қурилиш майдонларида чанг бостириш ишлари қатъий назоратга олинди.

“Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси барча қурилиш ташкилотларига рaсмий равишда мурожаат қилиб, қурилиш майдонларида ҳавони муҳофаза қилиш қоидаларига сўзсиз риоя қилиши шарт эканлиги борасида тегишли хатлар юборилди. Маиший ҳаво тозалаш ускуналарини Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи бекор қилинди. Атмосферага зарали ташламалар ташлаётган объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Сўнгги бир ҳафта ичида юртимизда ҳаво сифати ва экологик барқарорликни ошириш мақсадида шу каби талай амалий чоралар кўрилдики, ҳаво мусаффолигини таъминлашда давлатнинг роли аниқ кўринди. Дастлаб пойтахтда, сўнг вилоятларда ҳам йўл бўйлари, хиёбонлар ва ижтимоий соҳа объектлари боғларида сув пуркаш орқали ҳавода чанг массаси ортишига йўл қўймаслик тадбирлари ўтказилаяпти.
– Сўнгги вақтларда об-ҳавонинг ўзгариши, инверсия жараёни ва ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан анча камлиги туфайли паст ҳаво қатламида майда дисперс заррачаларнинг тўпланишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли учун қулайроқ шарт-шароит яратиш, шунингдек табиий ҳодисаларнинг нохуш оқибатларини камайтириш мақсадида, вазиятни тезкор барқарорлаштиришга қаратилган амалий тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилди, – дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Абдували Қувондиқов. – Барча туманларда, шаҳарда ҳудудий Ободонлаштириш бошқармалари билан ҳамкорликда сув пуркаш, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда чангларни ювиш ишлари амалга оширилаяпти,- – Жараёнга 14 та махсус техника жалб этилди, улар ёрдамида ҳар куни тонгда марказий кўчалар, хиёбонлар, шифохоналар, қурилиш майдонларида чанг бостириш ишлари амалга оширилаяпти. Ўтказилаётган барча тадбирлар тезкорлик билан ҳудудий ҳокимликлар ва бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойланиб бормоқда.

Аслида аёлларимиз эрта саҳардан кўчаю ҳовлига сув сепиб, теварак-атрофни ораста сақлаш билан кунни бошлашган. Бу ўзбек маҳалларига хос ва мос бўлган тутум. Бироқ қурилиш, урбанизация жараёнларининг тезлашгани, тиғиз кун тартиби, қадриятларнинг ўзгариши ҳисобига одатлар сусайиб бормоқда. Бу ўринда ҳам миллий одатларимизнинг аҳамияти яққол кўринади. Ҳавода зарарли моддалар миқдорини тезда камайтиришда жамоатчиликнинг иштироки, кичик ҳиссаси ҳам ўта муҳим.
Муқаддас САПАРОВА.