Президентимиз Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдаги лойиҳаларнинг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Тадбир чоғида мамлакатимиз энергетика соҳасида 42 та янги қувват ишга туширилиб, 21 та лойиҳанинг қурилиши бошлаб берилди.

Жумладан, Фориш туманида Хитой билан ҳамкорликда барпо этилган 1088 гектар майдонда қурилган қуввати 500 МВт бўлган “Huadian Jizzax Solar Power” фотоэлектр станциясининг биринчи босқичи ҳам тантанали равишда тармоққа уланиб, фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги видеоселектор учрашувида Жиззах вилоятидан вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, туман ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар, хитойлик инвесторлар, мутахассислар ва ишчи-хизматчилар иштирок этишди.

“Huadian Jizzax Solar Power” фотоэлектр станцияси лойиҳаси Хитойнинг Huadian ва China Electrical Equipment компаниялари ҳамкорлигида тўғридан-тўғри инвестициялар асосида икки босқичда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қуввати 500 МВт AC (DC қисми 602,64 МВтp) бўлиб, умумий инвестиция ҳажми тахминан 1,8 миллиард юанни ташкил этади.
Лойиҳа BOOT модели асосида ривожлантирилмоқда, қурилиш муддати — 12 ой. Станция 1088 гектар майдонни қамраб олган. 25 йил давомида жами 27,218 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши, йиллик ўртача кўрсаткич эса 1,089 миллиард кВт/соат бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, ҳар йили тахминан 328,4 минг тонна стандарт кўмир тежалади. Шу билан бирга, карбонат ангидрид чиқиндилари 893,8 минг тонна, олтингугурт диоксиди 84,1 тонна, азот оксидлари чиқиндилари эса 136,4 тоннага камайишига эришилади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ўзбекистоннинг 2030-йилгача мўлжалланган Миллий ривожланиш стратегиясида белгиланган қайта тикланадиган энергия манбалари улушини оширишга қаратилган устувор мақсадларига тўлиқ мос келади.
Шу билан бирга, у Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда анъанавий дўстлик муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)