ЖИЗЗАХ ТИББИЁТИДА ЯНГИ ДАВР

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги арафасида Жиззах шаҳрида учта йирик тиббий объектнинг фойдаланишга топширилиши соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда таъкидланганидек, охирги йилларда мамлакатимизда тиббиёт инфратузилмасини янгилаш ва хизмат сифатини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар эса ушбу лойиҳаларнинг тезкор ва самарали ижросига кучли туртки бўлди.

Аввало, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали тубдан янгиланиб, 12 миллиард 300 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди. Замонавий ангиография ускунаси ўрнатилиши туфайли эндиликда йил давомида 800 дан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши мумкин. Бу имконият нафaқат шошилинч ҳолатларда тез ёрдам бериш, балки вилоят беморларининг Тошкент ва қўшни ҳудудларга қатновини 90 фоизгача камайтиришни таъминлайди.

Шунингдек, шаҳардаги “Тиббиёт кластери” ҳудудида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. 14 миллиард 500 миллион сўмлик сарф-харажат эвазига бунёд этилган мазкур муассаса 74 ўринга мўлжалланган бўлиб, у замонавий диагностика ва жарроҳлик амалиётларини ўтказишга тўлақонли жиҳозланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган 1,7 миллион долларлик 23 турдаги тиббий ускуналар эса марказда 7 турдаги мураккаб кўз жарроҳлигини шу жойнинг ўзида ўтказиш имконини берди. Бу билан минглаб аҳоли учун узоқ йўл ва қўшимча харажатлар тақозо этмайдиган қулай шароит яратилди, деб бемалол айтиш мумкин.

Куннинг яна бир муҳим воқеаси — Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги акушерлик мажмуасининг тўлиқ янгиланиши бўлди. Қиймати 9 миллиард 734 миллион сўмдан ортиқ бўлган ушбу замонавий туғруқ мажмуаси она ва бола саломатлигига масъул йўналишда янги имкониятлар эшигини очди. Халқаро стандартларга мос равишда қурилган бинода туғруқ блоклари, неонатал бўлимлар, лабораториялар ва муолажа хоналари замонавий вентиляция, стерилизация ва хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланди. Чақалоқлар учун реанимация ва неонатология бўлимларининг замонавий ускуналар билан таъминланиши эса янги туғилган болалар ҳаётини асрашда муҳим омил ҳисобланади.

Вилоятимизда бир кунда ишга туширилган мазкур учта тиббиёт объекти соҳа ривожидаги амалий қадам, аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган муҳим лойиҳадир. Бу аввало, инсон саломатлигига қаратилган давлат сиёсатидаги устувор йўналишларнинг ҳаётий тасдиғи бўлиб, вилоятда тиббий хизматнинг янги сифати, янги маданияти шаклланаётганини кўрсатади.

Янги фойдаланишга топширилган тиббий объектларнинг очилиш тадбирларида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев иштирок этди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *