Давлатимиз раҳбари иштирокида 2025 йил 15 май куни мактаб таълимида амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусидаги асосий вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларига ҳар бир туман (шаҳар)дан 5 нафардан мактаб ўқитувчиларни хорижга хизмат сафарларига юбориш вазифаси белгиланган эди.
Вилоятимизда биринчилардан бўлиб Ғаллаорол, Бахмал, Фориш, Зомин тумани ҳокимликлари ташаббусни қўлларига олишди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Малайзия давлатининг Саравак университети, Unimas ўқув маркази таклифига кўра вилоятимиздан 19 нафар мактаб ўқитувчилари юртимиз пойтахтидан жануби-шарқий Осиё давлати пойтахтига йўл олдик. Аэропортда ўқув марказининг масъул ходими кутиб олгач, ҳар бир дамни ғанимат билиб, шу куннинг ўзидаёқ ўқув машғулотларида иштирок этиш таклифини билдирдик.
7 кун мабайнида Малайзия таълими, Куала Лумпурдаги мактаблар фаолияти, ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳоратини ўргандик. Марказ директори доктор Вонг, унинг ўринбосари жаноб Висент, рақамли технологиялар бўйича ўқитувчилар Аиша ва Муза хонимларнинг дарс машғулотларида қатнашдик. Таъкидлаш жоизки, Малайзия маорифида STEAM фанларга катта урғу берилади. Мазкур фанларни ўқитишда илғор технологиялар билан танишдик. Нафақат биз иштирок этган дарслар, балки одатий мактаб таълимида ҳам ўқувчининг диққатини жамлашига катта эътибор қаратилар экан.

Мамлакат пойтахтидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлганимизда ўқув муҳитининг ҳаддан ташқари бойлигидан ҳайратландик. Ҳар бир ўқувчида нутбук, улар дарсдан ташқари пайт – танаффусми, овқатланиш жараёними – уни очиб олиб, тинимсиз ўқиб-ўрганиб, қандайдир лойиҳалар устида ишлаб, бир-бирлари билан баҳслашиб, муҳокама билан вақт ўтказишаётганига гувоҳ бўлдик. Мактабда кичик обсерватория ташкил қилинган экан, биз борган куни ҳаво булутли бўлгани учун асбоблардан осмонни кузатиш имкони йўқ эди. Шундай бўлса-да ўрта мактабдаёқ телескоплар ва само жисмлари ҳаракати жадваллари мавжудлиги астрономия дарсини ўқитишга қизиқиш ва эътиборни кўрсатди.
Малайзияда мактабгача таълим 3-6 ёш, бошланғич таълим (Sekoloh Rendah) – 6 йил, ўрта таълимнинг юқори босқичи (Lower Secondary) – 3 йил, ўрта таълимнинг юқори босқичи (Upper Secondary) -2 йил, ўрта-махсус босқич (Pre-University) – 1-2 йилдан иборат. Дарс тили асосан — малай тили, хитой ва тамил тилларида таълим бериладиган мактаблар ҳам мавжуд. Мамлакатда саводхонлик даражаси юқори. Мактабгача таълим мажбурий эмас. Бу даврда асосий эътибор ўйин орқали ўрганиш, тил кўникмалари, нутқ бўлиб, боғча боласи инглиз тили, ранглар, шакллар ва санаш кабиларни ўйинлар орқали ўрганади.
Бошланғич таълим 7 ёшдан бошланади. Мактабда асосий фанлар малай тили, математика, табиий фанлар, ахлоқ (исломий таълим) ҳисобланади. Ўрта таълимнинг қуйи босқичида умумий ўқув дастури математика, табиий фанлар, малай тили, илм фан, тарих, жаҳоншунослик, робототехника, АТ, инновация каби фанлардан иборат. Ўрта таълимнинг юқори босқичида илмий фанлар – STEAM, гуманитар, техник ва касбий фанлар ўқитилади. Бу босқичда ўқувчи малай тили, математика, физика, кимё фанларидан имтиҳонларга тайёрланади. Ўрта махсус босқич ўз навбатида бир нечта босқичларни ўз ичига олган бўлиб, танланган йўналиш бўйича чуқур билим берилади. Тезлаштирилган дастурда бир йил ўқиш имкони мавжуд. Айнан шу босқичда давлат ва хусусий таълим масканлари ўқувчини олий таълимга тайёрлайди. Интеллектуал ва ижодий қобилияти юқори ўқувчилар шу босқичдаёқ сараланиб, олийгоҳлар иқтидорли ёшларни ўзларига жаоб қилар экан. Мактабларда баҳолаш тизими тўлиқ информатив ва сумматив баҳолаш тизимида бўлиб, унинг афзалликлари амалда намоён бўлган. Юртимизда ҳам аввал ихтисослаштирилган мактаблар, босқичма босқич умумий ўрта мактаблар ҳам ушбу баҳолаш тизимига ўтаётгани ҳақида гапириб бердик.
Мактабларда маданиятлар хилма-хиллиги яққол кўзга ташланади: турли миллат, дин ва маданият вакиллари ёнма-ён таълим олишмоқда. Малайзияда асосий дин — ислом (аҳолининг 67 фоизи) бўлса-да, буддизм, ҳиндуизм ва христианликка эътиқод қиладиганлар ҳам кўп. Диний бағрикенглик юқори даражада. Барча дин вакилларини бир жойда ибодатда кўриш мумкин. Диний байрамларда умумхалқ миқёсида дам олиш эълон қилинар экан.
Мамлакат табиати тропик, ёмғир ҳар куни ёғиб ўтади. Шуни ҳисобга олиб, пиёдалар йўлаклари устига ёмғирпўшлар қилинган. Атроф яшиллик, ҳатто баланд 20 қаватли бинолар устида катта дарахтларни кўриш мумкин. Катта йўлларда транспорт ҳаракати тирбанд. Аммо камдан кам ҳолатда бўлмаса, деярли машина сигнали товуши эшитилмайди. Умуман, қайси штатларда бўлмайлик, ҳаракат иштирокчилари бир бирига жуда хушмуомала эканига, тушунмовчилик бўлганда дарров бир бирларидан узр сўрашига гувоҳ бўлдик. Метро, автобусларга чиқаётган йўловчилар навбатга туришлари ўрнак оларли даражада тартиб ва ҳурматга асосланган.
Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига бордик, маданияти билан танишдик. Албатта, ўрганадиган ёки хулоса чиқарадиган жойлари бор. Қанчалик чиройли манзиллар, қизиқарли сайёҳатлар бўлмасин, 3-4 кунданоқ серқуёш юртимизни соғиниб бошладик. Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл, мақоли нечоғли ҳақ эканини ҳис қилдик.
Яна бир гап. Ўқитувчиларнинг хорижда малака ошириши ёки хорижга бориб таълим тизимини ўз кўзлари билан кўриши яқин йилларда эртакдек туюлар эди. Мана бўлар экан-ку, мактаб ўқитувчиси ҳам хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиши, халқаро миқёсга чиқиши мумкин экан. 2025 йил вилоятимиз ўқитувчиларига ана шу эшикни очиб берди. Насиб этса, 2026 йилда бундай сафарлар одатий бўлиб боради. Бу имкониятлардан, шароитлардан руҳланиб, янги нафас, янги ғайрт билан таълимдаги ислоҳотларни сифат жиҳатдан оширишда фаол иштирок этамиз, дегинг келади.
Собир ВАҚҚОСОВ,
Жиззах вилояти Педагогик маҳорат марказининг узлуксиз касбий таълимни ташкил этиш бўлими бошлиғи.