Бу йил мамлакатимизда шолидан мўл ҳосил олинди. Шаҳримизга гуруч асосан Қорақалпоғистондан ташиб келтирилар ва транспорт харажатлари ҳисобига гуручнинг нархи Нукус ва Хоразм бозорларидагига қараганда 20, баъзан 30 фоизгача қиммат сотилар эди. Бу йил Сирдарё вилояти шоликорлари ҳам шолидан мўл ҳосил кўтаришди.
Айни пайтда бозорда гуруч баҳоси килосига 9-12 мингни ташкил этмоқда. Бу ҳолат халқимиз дастурхонига янги турдаги (аслида унутилган) гуручли тансиқ таомлар тайёрлаш усулини тавсия этишимизга (ёдларига солишимизга) туртки бўлди.
Шолининг таркибида 7,2-9,1% оқсил, 2,2-2,6% тўйинмаган ёғ кислоталарига бой мой, 0,8-0,9% қанд, 53-55% крахмал мавжуд бўлиб, гуручнинг ҳар 100 грамми ўртача 280 килокалория қувват беради. Бундан ташқари, гуруч таркибида В1, В2, РР ва Е дармондорилари бор.
Қуйида гуручдан талқон тайёрлаш усулини келтириб ўтамиз. Бунинг учун 1 кг гуруч ёки оқушоқ (гуруч синиғи) олинади ва бегона қўшимчалардан (тош, қипиқ, курмак каби) тозаланади ва бир неча марта илиқ сувда ювилади. Ювилган гуруч обдон қуритилганидан кейин ўртача катталикдаги қозонда ковлаб турилган ҳолда қизартириб қовурилади. Қовурилган гуручлар ўғирчада яхшилаб туйилади. Майдалаш учун замонавий блендерлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
1 кг гуруч майдасига 120 грам шакар, 60 грам туйилган ёнғоқ мағзи ва 60 грам майиз қўшиб, дастурхонга тортилади. Бу таом узоқ вақт айнимайди ва таркибидаги масаллиқларнинг энергетик қиммати юқорилиги сабабли тўқ тутади. Ҳосил бўлган талқонни қариялар ва беморларга тортишда 1:1 нисбатда обжўш ёки сутда бўктириш тавсия этилади.
Ҳар 100 грам тайёр маҳсулот таркибида 15-17% оқсил, 12-14% мой, 9-16% қанд ва 55-58% крахмал мавжуд. Ҳар 100 грам талқоннинг сувга бўктирилгани 525-575 килокалория, сутга бўктирилгани 600-660 килокалория қувват беради. Чақалоқларга тавсия этиладиган озуқа қўшимчаларининг асосини гуруч уни ёки майдаси ташкил этади. Ёш оналар тавсия этилаётган усулда чақалоқлари учун қуруқ аралашма тайёрлаб олишлари ҳам мумкин.
Гуруч (оқушоқ) талқонидан ошқозон-ичак бузилишларига учраган беморларни даволашда қўшимча табиий восита сифатида фойдаланиш имконияти ҳам бор.
Али Аҳмедов.