ҲАР УЧ КИШИДАН ИККИ НАФАРИ БАЙРАМЛАРДАН КЕЙИН ТУШКУНЛИККА ТУШАДИ

Байрамлар тугагандан сўнг баъзи инсонларнинг кайфиятида ўзгаришлар кузатилади. Шовқин-сурон, қувонч ва байрамона муҳитга тўла уй тинчиб, гўёки нимадир етишмаётгандек туюлади. Шу пайтда кайфият тушиб, ич-ичдан безовталик пайдо бўлади. Бу ҳолат вақтинчалик, аммо уни бартараф этмасангиз депрессияга тушишингиз мумкин. Хўш, байрамдан кейинги тушкунлик ўзи нима? Буни қандай қилиб олдини олса бўлди?

Байрамлар арафасида ёки ундан кейин кўпчилик ўзини бироз безовта ва чарчагандек ҳис қилади. Мутахассислар буни “байрамдан кейинги тушкунлик” деб атайди. Бу ҳолат кўпинча байрамларга ҳаддан ташқари катта умид боғлаш ёки у билан боғлиқ эски хотиралар сабаб пайдо бўлади.

2015 йилда ўтказилган сўровномага кўра, ҳар уч кишидан икки нафари байрамлар тугагач кайфияти тушиб кетганини сезган. Психотерапевтларнинг айтишича, байрамдан кейинги тушкунлик вақтинчалик бўлади. Байрам пайтидаги шовқин, қувонч ва ҳиссиётлар тугагач, одамда бўшлиқ пайдо бўлгандек туюлади. Бу пайтда хафа бўлиш, хавотирланиш ёки тушкунликка тушиш ҳолатлари юзага чиқиши мумкин.

Шунингдек, уйқу бузилиши, тез чарчаш, диққатни жамлай олмаслик ҳам кузатилади. Сабаб оддий – байрамлар бизни кундалик иш ва одатий ҳаётдан бир муддат узоқлаштиради. Байрам тугагач эса яна ишга, масъулиятларга ва бир хилликка қайтиш осон бўлмайди. Шу боис байрамлардан кейин бироз безовта бўлиш табиий ҳолат ҳисобланади.

Байрамдан кейинги тушкунликка нима сабаб бўлади?
Байрамдан кейинги тушкунлик пайдо бўлишининг бир нечта сабаблари бор. Буларнинг аксарияти кундалик ҳаётимиз билан боғлиқ. Масалан, йилнинг шу пайтида вақт ўзгаради, соатлар орқага сурилади ва организм бунга дарров мослаша олмайди. Натижада одам ўзини ланж, чарчаган ёки безовта ҳис қилиши мумкин.

Байрам пайтида спиртли ичимликлар ҳам кўпроқ истеъмол қилинади. Аммо бу кайфиятни янада тушириб юбориши, тушкунликни кучайтириши мумкин. Шунингдек, байрам дастурхонидаги ширинликлар ва ёғли таомларни ҳаддан ташқари кўп ейиш ҳам танага оғирлик қилиб, руҳий ҳолатга салбий таъсир қилади.

Бундан ташқари, шу кунлари кўпчилик ҳамма жойга улгуришга ҳаракат қилади. Натижада, ортиқча асабийлик ва уйқусизлик сабаб тез чарчайсиз. Бунинг устига, совғалар хариди, тадбирлар ва ҳаяжон сабаб уйқу ҳам бузилади.

Тушкунликнинг олдини олиш мумкинми?
Баъзи одамлар учун байрамлар тугагач енгиллик пайдо бўлади. Вақт кўпроқ бўлиб, ортиқча шовқин камаяди ва пул сарфлаш ҳам тўхтайди. Аммо бошқалар учун байрамдан кейин фақат узун ва совуқ қиш тургандек туюлади ва айнан шу фикр кайфиятни тушириб юборади.

Мутахассисларнинг айтишича, қишда кайфият бироз пасайишини табиий ҳолат сифатида қабул қилиш керак. Ҳис-туйғулар билан курашиш ўрнига, уларни тушуниш ва аста-секин мослашиш фойдалироқ бўлади.

Шу сабаб байрамларга тайёргарлик кўраётганда, фақат байрамнинг ўзини эмас, ундан кейинги кунларни ҳам ўйлаб қўйиш тавсия этилади. Масалан, ўзингиз учун сокин дам олиш вақтини режалаштириш, узоқ вақтдан бери кўрмоқчи бўлган филмни томоша қилиш ёки китоб ўқиш фойдали бўлади. Оила билан кичик саёҳат ёки шунчаки биргаликда дам олиш кунларини ўтказиш ҳам кайфиятни кўтаради. Ишдан кейинги кечаларни ҳам фақат мажбуриятларга эмас, балки ўзингиз ёқтирадиган машғулотларга ажратиш муҳим.

Қандай йўлни танламанг, энг асосийси — олдиндан режа қилишдир. Олдиндан ўйлаб қўйилган майда қувончлар байрамдан кейинги тушкунликни анча енгиллаштиради.

Тушкунликдан қандай чиқиш мумкин?
Байрамдан кейинг тушкунликдан чиқиш учун мураккаб усуллар шарт эмас, баъзан оддий нарсалар етарли бўлади. Энг аввало, ўзингизни мажбурламаслигингиз керак. Чарчаган бўлсангиз, дам олинг, ухланг, танангизга қулоқ солинг. Сув ичишни, овқатни ўз вақтида ейишни ҳам унутиб қўймаслик муҳим.

Яқинларингиз билан гаплашиш ҳам ёрдам беради. Баъзида шунчаки суҳбатлашиш, ичингиздагини айтиш енгиллик беради. Шу билан бирга, ёлғиз қолиб, сокинликда вақт ўтказиш ҳам фойдали бўлиши мумкин. Ҳар куни бироз ҳаракат қилиш пиёда юриш ёки енгил машқ қилиш ҳам кайфиятни кўтаради.

Кун тартибини сақлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Бир вақтда уйғониш, бир вақтда ухлаш, иш ва дамни аралаштириб юбормаслик одамни тезроқ ўз ҳолатига қайтаради. Байрамлардан кейин ҳамма таклифларга рози бўлиш шарт эмас. Агар кўнглингиз тортмаса, “йўқ” дейишдан уялманг — бу ҳам ўзингизга бўлган ғамхўрликдир.

Пул масаласи ҳам кайфиятга таъсир қилади. Шунинг учун харажатларни олдиндан ўйлаб юриш, кераксиз сарф-харажатдан қочиш тинчроқ бўлишга ёрдам беради. Энг асосийси эса, бу ҳолат вақтинчалик эканини ёдда тутишдир. Бугун оғир туюлган ҳислар эртага секин-аста камаяди. Агар тушкунлик узоқ чўзилиб, кундалик ҳаётингизга халақит бера бошласа, мутахассисга мурожаат қилинг.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *