МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ СУРЪАТЛАРИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Жиззах вилояти ҳокимлигида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш йўналишида жорий йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Йиғилишда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этди.

Йиғилишда соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш ҳамда келгуси босқичдаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган аниқ чора-тадбирлар, масъул ташкилот ва раҳбарларнинг вазифалари белгилаб олинди. Ижро интизомини кучайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва натижадорликни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил якунида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 62 турдаги 5 триллион 800 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Режа кўрсаткичлари 135 фоизга бажарилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига импорт ўрнини босиш самарадорлиги 463 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, 32 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилиб, 1431 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, йил давомида дастурга қўшимча равишда 20 та янги импорт ўрнини босувчи лойиҳалар киритилди. Жумладан, ярим автомат кир ювиш машиналари, автомобиллар учун том рейлинглари, эшикларнинг ички пластик панеллари, саноат филтрлари, автомобиль электр кабеллари, электр маҳсулотлари, турли хил тўқимачилик кийимлари учун замоклар, автомобиллар учун иссиқликни сақловчи ва шовқинни камайтирувчи нотўқима материаллар ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

2026 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини 25 фоизга ошириш, яъни 5 триллион 800 миллиард сўмдан 7 триллион 300 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Келгуси йилда 68 турдаги, жами 7 триллион 300 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши белгиланган.

Импорт ўрнини босиш самарадорлигини 607 миллион АҚШ долларига етказиш, бу жорий йилга нисбатан 131 фоиз ўсишни ташкил этиши кутилмоқда.

Шунингдек, янги иш ўринлари сонини 1979 тага етказиш режалаштирилган бўлиб, бу 2025 йилга нисбатан 138 фоизга тенгдир. Келгуси йилда 24 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, бу жорий йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир.

Янги маҳсулотлар қаторига электр сув иситгичлари, электромобиль ва гибрид автомобиллар учун антифризлар, автомобиль кузовлари ва ўриндиқлари, LED лампалар, совутгичлар, шунингдек, электр ва газ плиталари киради.

 Абдужалол ҚАЮМОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *