ЧАРОС – ВАЗИР СТИПЕНДИЯСИ ҒОЛИБИ

Якунланган йил воҳамиз талабалари учун қувончли эсдаликлар қолдирди. Жиззах политехника институтининг 2 нафар талабаси “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” танлови ғолиби бўлди. Чарос Мамадалиева уларнинг бири.

Қурилиш муҳандислиги факультетининг 4-босқич талабаси биринчи босқичданоқ турли илмий лойиҳалар устида изланиб келяпти. “Ақлли бекатлар”, “Кўзи ожизлар учун қўл радари” ҳамда “Асфальтбетон ва цементбетон йўл қопламаларида фибра ва полимер толаларни қўлланилиши” – ҳар бири жамият учун фойдали изланмалар. Чарос илмий раҳбари Равшан Бобожонов ва устозлари билан маслаҳатлашиб, танлов комиссияси эътиборига сўнгги мавзуни тақдим этди.

–    Асфальтбетон йўл қопламаларини мустаҳкамлаш ва хизмат муддатини узайтириш — замонавий йўл қурилишидаги асосий вазифалардан бири, – дейди Чарос Мамадалиева. – Асфальтобетон тез ёрилади, чуқурчалар ҳосил қилади ва юқори ҳароратда деформацияланади. Шу сабаб кейинги йилларда хорижда фибра ва полимер толалар қўшилган асфальтобетон турлари кенг қўлланилмоқда. Фибра — бу қаттиқ ёки синтетик материалдан тайёрланган майда толалар, асфальт аралашмасига қўшилганда унинг ички тузилишини мустаҳкамлайди. Полимер толалар эса махсус синтетик моддалардан (полипропилен, полиэстер, арамид ва ҳ.к.) тайёрланади ва асфальтнинг ёриққа, иссиқликка ва совуққа чидамлилигини оширади. Натижада қопламанинг хизмат муддати 10–15 йилдан 20–25 йилгача узаяди. Экологик жиҳатдан тоза технология бўлиб, келажакда Ўзбекистондаги барча йўл қурилишида самарали ва иқтисодий ечим сифатида жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Эътиборлиси, ҳар йили фақат Тошкент давлат транспорт университети талабалари учун эълон қилинадиган ушбу танлов 2025 йилда вилоят олийгоҳлари учун ҳам очилди. Жиззах политехника институтидан иштирок этган ҳар икки талабгор ғолиб деб топилди. Бу институтда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати, долзарблиги ва самарасини яққол кўрсатади.

Ушбу ютуқдан илҳомланган Чарос турк тилини қунт билан ўрганишда давом этиб, сертификат олиш ҳамда магистратура талабаси бўлишга қатъий аҳд қилган. “Сув сачратиб ўтувчи машиналар, катта кўлмакка айланувчи йўл чуқурлари йўл  муҳандиси бўлишимга сабаб бўлган. Ўз касбимнинг устаси, илм-фан ва амалиётни боғловчи олим бўлиш ниятидаман” дейди изланувчан талаба.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *