ЯНГИ КОРХОНА, ЯНГИ МАҲСУЛОТ, ЯНГИ ҲАМКОРЛАР

“Навоий саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркининг Зомин туман филиали ҳудуди (“Ғаллакор” МФЙ)да ўтган йили йирик лойиҳа қурилишига старт берилганди. Қурилиш майдони 80,3 гектарни, лойиҳа умумий қиймати 150 млн АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур қурилиш лойиҳачиси “PRIME TOWER GROUP”, пудратчи “CROCUS TECHNOLOGY” МЧЖ  ҳисобланади.

Лойиҳа муддати 2025-2027 йилларга мўлжалланган иншоотда кенг турдаги маиший техника воситалари ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, ярим автомат кир ювиш машиналари, совуткичлар, электр сув иситгичлар, гофро картондан қутилар, пластмасса қутилар, темир листлар, қадоқлаш маҳсулотлари пўпак ва пенопласт шу ерда ишлаб чиқарилади.

Янги қувват тўлиқ фойдаланишга топширилгач, 7000 нафар ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади. Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди. Ҳозирда ярим автомат кир ювиш машиналари ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

—Ўтган йилнинг сентябрь ойида корхонамиз фойдаланишга топширилди,—дейди маиший техника ишлаб чиқариш корхонасининг ходимлар билан ишлаш департамент раҳбари Лазизбек Маматов. —Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда корхонада бўш иш ўринлари ярмаркасини ташкил қилдик. Вилоятимиз туманларидан ярмаркада 1200 нафар ёшлар иштирок этди. Тақдимот маросимида биз 3000 тадан ортиқ иш ўрнини яратишни белгилаб олганлигимизни маълум қилдик. Янги корхона учун муҳандис техниклар, ишлаб чиқариш операторлари, сифат назорати мутахассислари, бутловчи-қадоқловчилар жуда зарур.

Айни пайтда мазкур корхонада 700 нафар маҳаллий ёшлар ҳамда қўшни туманлардан мутахассислар ётоқхона билан таъминланиб, шу ерда меҳнат қилишаётир. Меҳнат ярмаркасида яна 110 нафар ёшлар ишга қабул қилинди.

—Янги корхонага сантехник сифатида ишга қабул қилишганидан хурсандман,—дейди Субҳон Тўлабоев. —Замонавий, барча шароитлар яратилган бундай корхонада ишлаш орзуим эди.

“BUYUK IPAK YO’LI-ZOMIN MAXSUS SANOAT ZONASI” МЧЖ томонидан бошқарилаётган Хитой технопаркида бир қанча лойиҳалар амалга оширилгани ҳам халқимиз учун қувонарли холдир.

“MIDEA” бренди остида совуткич ва электр газ плиталари ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди. Янги корхонада биринчи босқичда 5 млн долларлик 50 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилди. 4 млн долларлик маҳсулот МДҲ давлатларига экспорт қилинади. 80 та янги иш ўрни яратилди.

“HEBEI WANGHUA SMART TECHNOLOGY” МЧЖ томонидан альюмин профиллар ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Йиллик қуввати 29,2 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга корхонада 18 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.  Корхона учун дастлаб 50 нафар маҳаллий ёшлар касбга ўқитилди. Айримлари Хитойда малака ошириб қайтди. Янги корхонада 220 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 10 млн долларлик маҳсулот қўшни республикаларга экспортга чиқарилади.

—Саноат зонасида хорижий инвесторлар томонидан шамол парраги, темир-бетон маҳсулотлари, йирик ўлчамли кўприк йўл ўтказгичлар, буғдойдан оқсил ва этанол ишлаб чиқариш каби яна бир қатор лойиҳалар 2026 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилади, —дейди Зомин туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Давронбек Каримов.

Яна бир янгилик. Ҳудудда 350 ўринли савдо ва хизмат кўрсатиш дўконлари, йил давомида 5 минг нафар мижозга хизмат кўрсатувчи йирик халқаро савдо маркази  жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топширилади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *