КАСБГА САДОҚАТ СЎЗЛАРДА ЭМАС МЕҲНАТДА АКСИНИ ТОПАДИ

Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Соҳадаги энг сўнгги тиббиёт технологиялари асосидаги операцияларни муваффаққиятли ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, она-бола парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат, санитария-эпидемиология, фармацевтика каби қатор соҳаларида юртимизда фаолият кўрсатаётган 300 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшираларнинг ўрни беқиёс. 

Айни пайтда вилоятимизда 15 минг нафардан зиёд ҳамширалар тиббиёт соҳасининг турли тармоқларида фаолият олиб бормоқда. Улар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, шошилинч ва бошқа ихтисослашган муассасаларда замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиб, иш юритишмоқда. Шундай малакали ва касбига фидойи соҳа вакилларидан бири Республика Ихтисослаштирилган Онкология ва Радиология Илмий амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали лаборатория ҳамшираси Гулбаҳор Ғаффоровадир.

–Мен 1998 йилдан бери мазкур тиббиёт марказида лаборант ҳамшира  вазифасида фаолият юритиб келаман. Ушбу давр мобайнида онкология лабораториясида ишлаш тажрибамни бойитдим, тиббиёт соҳасида катта билим ва малака орттирдим. Менинг асосий вазифам касалликларни аниқлашда замонавий таҳлил усулларини қўллаш, беморларни тўғри диагностика қилиш ва шифокорларга керакли маълумотларни тақдим этишдан иборат. Лабораторияда ишлаб, шу йиллар давомида онкологик касалликларни аниқлашда янги замонавий тиббий ускуналар ва технологияларни жорий этишда иштирок этдим. Бунинг натижасида, лабораториядаги иш жараёни сезиларли даражада фаоллашди ва аниқлик даражаси юқориланди. Ҳар бир янги кашфиёт, ҳар бир янги технология мен учун ўрганиш ва ривожланиш имконияти бўлиб, беморларимизга янада сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини яратди.

Сўнгги йилларда онкология лабораторияларида замонавий технологиялар ёрдамида мазкур касалликни эрта аниқлаш жараёни янада самарали бўлди. Касалликлар бир нечта таҳлиллар ёрдамида аниқланади. Булар иммуногистологик таҳлиллар. Янги технологиялар иммунологик маркерларни аниқлашда фойдаланилади. Бу усуллар, саратонни аниқлаш ва унинг ўсишини кузатишда қўлланилади. Шунингдек, онкологияда цитология таҳлиллари саратон ҳужайраларини аниқлашда ишлатилади. Цитологик текширувлар ёрдамида саратонни эрта босқичда аниқлаш мумкин. Гистология эса тўқима тузилиши ва унинг патологик ўзгаришларини ўрганади. Онкология лабораториясида гистологик таҳлиллар орган ёки тўқималардаги саратон ўзгаришларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шифохона замон талабларига жавоб берадиган аппаратлар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда ўз соҳасининг етук мутахассис-шифокорлари иш олиб бормоқда. Айниқса, республика Ихтисослаштирилган Онкология ва Радиология Илмий-амалий маркази профессори Нишонов Дониёр Анорбоевич ва олий тоифали патоморфолог шифокор Мадалиев Ахрор Алиевич, филиалнинг патоморфолог шифокорлари Алишер Эргашов ҳамда Абдулла Рашидовларни Гулбаҳор опа ўзининг устозлари деб билади.

Дуо олган элда азиздир. Зеро, Гулбаҳор опа ҳар тонг ишга отланиш арафасида 71 ёшли волидаи муҳтарамаси Аширбуви аянинг дуоларини олишни асло канда қилган эмас. Опанинг бугунги кунгача эришган ютуқларини энг аввало, ота-онасининг таълим-тарбияси маҳсули деб билади.

Дарҳақиқат, Гулбаҳор Ғаффорованинг она Ватанга садоқатини, меҳру муҳаббатини қуруқ сўзлардагина эмас, балки ўзининг фидокорона, камтарона меҳнатлари натижадор акс эттираётгани ҳам оилавий муҳит, ота-онасидан панду насиҳатларини қунт билан эшитгани ва уққанининг самарасидир.

Шаҳноза БУТУНБОЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *