Тадбиркор Камолиддин Ҳазратқулов ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан “SHOHJAXON GREEN HOUSE” МЧЖ ташкил этилди. Мана қарийб беш йилдирки Шароф Рашидов туманининг Пастки Сулоқли маҳалласи ҳудудида фаолият олиб бораётган жамият асосан иссиқхоначилик хўжалигини юритиб келади. Дастлаб лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркор “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан 1 млн 240 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олди. Лойиҳа доирасида замонавий усулда қуриб битказилган иссиқхонада бозорбоп ва экспортбоп помидор навлари етиштирилиб, нафақат ички бозорга, балки қўшни республикалар ва МДҲ давлатларига ҳам экспортга йўналтирилди. Кейинчалик тадбиркор томонидан иссиқхона майдонлари кенгайтирилиб, янги иш ўринлари яратилди. Иссиқхоначилик ортидан топган даромади ҳисобидан тадбиркор банкдан олган кредитини ёпди.
Айни пайтда масъулияти чекланган жамиятнинг таъсисчиси Камолиддин саналса, укаси Отажон Эргашев эса жамият директори сифатида иссиқхона хўжалигини юргизиб келишаётир. Жами олти гектарни ташкил этувчи иссиқхонанинг 5 гектари гидропоника, 1 гектарида эса тупроқли усулда экинлар экилган.
—Мана бу бир гектарлик майдонга гидропоника усулда Япониянинг “Sakata” компанияси томонидан яратилган, дунёга машҳур “Pink Paradise” помидор навининг дурагайи экилган,—дейди Камолиддин Ҳазратқулов. —Бу навнинг асосий хусусиятлари ўртапишар, бўйи 2 метрдан узунроқ, бир дона мевасининг ўртача вазни 180-220 граммни ташкил этади. Ширин, мазали таъми билан ажралиб туради. Касалликка чидамли, харидоргир, бир хил катталикда пишади, сифатини тез йўқотмайди, узоқ масофага ташишга чидамли помидор нави.
Ҳар гектарга 22000 тупдан экилган помидор кўчатларидан жамият аъзолари 100 тоннагача ҳосил йиғиштириб олишаётир. Айни пишиқчилик мавсумида жамиятга қарашли иссиқхоналарда етилган помидорнинг килоси 18000-20000 сўмдан ички бозорга, уч доллардан эса пешма-пеш эскпортга чиқарилмоқда. 2025-2026 йилги мавсумда жамият аъзолари Россия, Қозоғистон, БАА мамлакатларига 1 млн АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирганлар. Шу кунгача 300 минг долларлик помидор буюртмачиларга етказилди.
Тадбиркорнинг саъй-ҳаракати билан 3 гектарлик иссиқхонага вилоятдаги бошқа иссиқхона хўжаликларида йўқ совитиш тизими билан таъминланди. Бу технология орқали ёзнинг саратонида ҳам иссиқхонага экин экиб, масалан, 1 июлдан то узлуксиз даврийлик таъминланиб, июнгача ҳосил олиш имконияти яратилади. Қолган даврда эса сентябрдан май ойигача маҳсулот етиштириш давомийлиги ортиб боради. Бу эса қўшимчасига гектаридан ортиқча 30-40 тонна зиёд ҳосил олиш имконини беради.
Жамият аъзолари эндиликда иссиқхона хўжалигини тўлиқ шу тизимга ўтказишни мақсад қилишган. Ўтган йили хўжаликда яна бир гектар майдонда тупроқли (ер) иссиқхона барпо этилиб, унга Нидерландиянинг “Dopink” навли помидор кўчатлари экилди. Бу майдондаги ниҳоллар ҳам аллақачон ҳосилга кириб, бирин-кетин етилган ҳосиллар териб олинаётир.
Ходихон Муҳаммадалиев, Олим Абдурасулов, Раҳмонберди Нурматов сингари хўжалик ходимларининг меҳнати айниқса, таҳсинга лойиқ. 20 нафар доимий, 50 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилаётган иссиқхонага йўлингиз тушса, бу ерда қиш чилласида ҳам ҳақиқий баҳор нафасига тўйиб, тароватини ҳис қиласиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).
