ПАХТАКОРДА ЯНГИ СПОРТ МАЖМУАСИ

Воҳамизда олимпия спорт турларини ривожлантириш ҳамда оммавийлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар олиб бориляпти. Қурилаётган янги спорт мажмуалари, инфратузилмадаги янгиланишлар, ҳаваскор ва профессионал спортга бўлган қарашнинг тубдан ўзгаргани қўлга киритилаётган юқори натижаларда ўз аксини топмоқда.

Яқинда Пахтакор туманида қуриб, фойдаланишга топширилган янги дзюдо зали бўлажак чемпионлар ҳамда спортга бефарқ бўлмаган аҳоли вакиллари учун муҳим туҳфа бўлди. Пахтакор шаҳарчаси ҳудудида бунёд этилган 18х30 ўлчамидаги ушбу иншоот бугунги куннинг барча замонавий талабларига эга бўлиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда келажагимиз эгаларининг истеъдодини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Спорт залининг очилиш маросимида Пахтакор тумани ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов иштирок этиб, мазкур мажмуа вилоятимизда дзюдо спортини янада оммалаштиришга хизмат қилиши, шунингдек, профессионал спортчиларни камолга етказиши ҳамда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишини таъкидлади.

     Пахтакор туманида дзюдога қизиқувчилар сони тобора кўпаймоқда.  Бугунги кунда бу спорт тури билан шуғулланувчи ўғил-қизлар сони 400 нафардан ошди. Жорий йилда пахтакорлик ёшлардан 33 нафар спортчи республика, халқаро ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда, шунингдек, “Президент олимпиадаси” беллашувларида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олгани гапимизнинг исботи. Бу ютуқлар туманда спортни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар самараси эканини кўрсатади.

Маросим якунида  туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов ҳамда туман прокурори Хайрулла Ғозиевлар юқори натижаларга эришган спортчиларга  пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширишди. 

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *