Зомин туманидаги Дуоба ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Зомин” туристик-рекреацион зонасида экологик ва замонавий талабларга жавоб берадиган коттежлар мажмуаси — “Suffa Shalle” қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 6,7 гектар майдонда жойлашадиган мажмуада 5 гектар ер бевосита бинолар учун ажратилган.
Бу ерда 29 та “shalle” услубидаги замонавий коттежлар қурилмоқда. Ҳозиргача улардан 19 таси тўлиқ якунланган ва жиҳозланган. Мажмуа 150 дан ортиқ сайёҳни қабул қилиш қувватига эга. Коттежлар экологик тоза услубда қурилган бўлиб, уларда юқори даражадаги қулайликлар, табиий ёғоч материаллардан фойдаланилган интерьер, тоза ҳаво ва табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ҳар бир уй сув ва канализация тизимига уланган, том қисми тўлиқ ёпилган ҳамда замонавий мебель ҳамда жиҳозлар билан таъминланган. “Suffa Shalle” мажмуаси нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам жозибадор дам олиш масканига айланиши кутилаяпти. Табиат бағрида ва экологик тоза муҳитда ташкил этилган ушбу мажмуа мамлакатимизда туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Наргиза ОҚИЛОВА,
Жиззах вилоят Туризм бошқармасининг бош мутахассиси