Тингланг! Сизнинг атрофингизда ҳар куни юзлаб ёшлар бор, лекин уларнинг кўпи жим. Улар табассум қилади, суҳбатлашади, ҳатто кулади, лекин ички дунёси сизга сир бўлиб қолади. Кўпинча бепарво авлод деймиз. Бу сўзсизлик — бефарқлик эмас. Сукут ортида кўпинча тушунмовчилик, стресс, ёлғизлик ёки орзу-умидлар билан курашаётган авлод яшириниб ётади.
Ҳозирги ёшлар аввалги авлодга қараганда кўпроқ ахборот ичида яшайди. Ижтимоий тармоқлар, чексиз янгиликлар, солиштиришлар, муваффақият пойгаси — буларнинг барчаси уларнинг руҳиятига босим қилади. Кимдир бу босимни гапириб енгади, кимдир эса ичига ютади. Ичига ютган ёш эса кўпинча “сукутдаги ёш”га айланади. У гапирмайди, лекин ўйлайди. У шикоят қилмайди, лекин ҳис қилади. У қаршилик кўрсатмайди, лекин ич-ичидан ёнади.
Муаммо нимада? Тушунмаслик — ота-она ва фарзанд орасидаги дунёқараш фарқи. Таққослаш — “қаранг, қўшнининг қизи” билан бошланган жумлалар. Ёшлар кўпинча “мени эшитишмайди” деган туйғу билан яшайди. Эшитилмаган инсон эса вақт ўтиб гапиришни ҳам истамай қолади.
Шу билан бирга, бугунги ёшлар изланувчан, технологияга яқин, янгиликка очиқ авлод. Улар ўз устида ишлайди, мустақил фикрлашга ҳаракат қилади. Ёшлар бугун тадбиркорликка кириб келмоқда, ижод қилмоқда, илм билан шуғулланмоқда. Фақат улар кўпроқ қўллаб-қувватлашга, ишончга ва самимий суҳбатга муҳтож.
Муаммонинг ечими мураккаб эмас, лекин эътибор талаб қилади. Эшитиш маданияти — ёшни танқид қилишдан олдин уни тинглаш. Суҳбат муҳити яратиш — уйда қўрқув эмас, очиқ мулоқот бўлиши лозим.
Ёшларнинг сукути бу ички дунёнинг сигналидир. Уни эътиборсиз қолдириш эмас, англаш керак. Ҳар бир ёш қалбида орзу, қўрқув ва умид бор. Агар уларга меҳр, ишонч ва очиқ мулоқот берилса, улар ўз овозини топади. Сукутни бузадиган куч бу тушунишдир.
Мадинабону Қаюмова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети,
Журналистика факультетининг 2-курс талабаси.