ЎТРОҚЛАШАЁТГАН ЖОНИВОРЛАР

Яқинда Зомин Миллий боғи ҳудудида Сибир тоғ эчкиларининг кўриниш бергани ҳақидаги тасвирлар интернетда тарқалиб, табиатсеварлар диққатини ўзига жалб қилди. Чунки Зомин давлат қўриқхонаси ҳудудида эмин-эркин яшайдиган бу ноёб жониворлар одамларга бу қадар яқин келишмас эди. Яна энг гавжум бўладиган Санаторий айланмасида уларнинг учраши ҳайвонларнинг хавфсиз ва қулай муҳитда эканини англатади.

-Зомин давлат қўриқхонасида Сибир тоғ эчкиларининг саноғи 800 тагача етади. Болалаш мавсумида уларнинг туёқ сони ошиб, кўзга кўринарли бўлиб қолган эчкилар галаси, афсуски, кўчиб юриш мавсумида яна сийраклашиб қолади. Бунга қарши қўшни республиканинг табиатни муҳофаза қилиш ходимлари билан ҳамкорликда чоралар кўриш устида ишлаяпмиз. – дейди  Зомин давлат қўриқхонаси ходими Оқилбек Суюнов.

Баланд тоғларнинг моҳир дорбози ҳисобланган Сибир тоғ эчкилари юртимизнинг кўплаб қўриқхоналари безаги ҳисобланади. Табиатан чаққон ва виқорли бу ҳайвонларнинг яқин масофада кўриниш бериши ҳайвонлар муҳофазасининг ишончли ташкил этилганига ишора ҳамдир.

***

Табиатшунослар лайлакларнинг қишни Ўзбекистонда ўтказаётганига ҳам эътибор беришмоқда. Бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳодиса бўлса-да, кексалар бу ҳодисани юрт тинчлиги, осойишталиги билан боғлашади.

Айни кунларда Шароф Рашидов тумани Файзобод, Раваллиқ маҳаллалари ҳудудидаги йўл бўйида лайлакларнинг катта оиласи яшаяпти. Яқинда ижимоий тармоқларда қаноти синган лайлакка ғамхўрлик қилиб,  уни экология ходимларига топширган ўқитувчи ҳақидаги маълумот ҳам фойдаланувчилар олқишига сабаб бўлди.

-Уйимизга қаноти очиқ синган лайлак келиб қолганидан хабар топгач, турмуш ўртоғим унга дарҳол ёрдам кўрсатди, – дейди Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази кафедра мудири Жасур Мардонқулов. – Кунига икки маҳал водород пероксиди билан ювиб, малҳам сурди. Натижада  оғриқнинг зўридан бир жойда қимирламай ётадиган лайлак икки кундан сўнг бемалол юриб, ҳатто очиқ эшикдан уй ичига ҳам кирадиган бўлди. Майда кемирувчилар билан озиқланувчи қушни гўшт бўлаги билан боқиб турдик. У ҳуркмасдан, ўзини эркин ҳис этди.  

Ж.Мардонқулов туман экология ва иқлим ўзгариши бўлими ходимларига ҳолат ҳақида маълум қилгач, улар қушни муҳофазага олишди. Айни вақтда жароҳатланган лайлак Самарқанд вилоятида махсус питомникда парваришланмоқда.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *